Ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз Мустафо Жовлиев Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани “Жар” МФЙ Қурултой қишлоғида туғилган. Пенсияга чиққунга қадар турли давлат ташкилотларида фаолият юритган. Аммо ёшлигидан туғилган қишлоғида боғ яратишни кўнглига тугиб юрарди. Пенсияга чиққач эса узоқ йиллик орзуларини рўёбга чиқариш имкони пайдо бўлди.
Қурултой қишлоғи жойлашган ҳудуд асосан лалми ерлар бўлиб, аҳолининг асосий даромади чорвачиликдан. Мустафо Жовлиев туман ҳокимига ушбу қишлоқда боғ яратиш мақсадида ер сўраб кирганида кўпчилик бунга ишонмади. Лекин ҳоким ваъдасида туриб, унга 56 гектар ер ажратиб берди. Шу тариқа 2020 йилда мазкур ер майдонида “Мустафо Жовлиев” фермер хўжалиги ташкил қилинди.
М.Жовлиев фермер хўжалик майдонига қиш-қировли кунларда 18 минг туп бодом, уларнинг ораларига 38 минг туп ток ва 10 минг туп писта, шунингдек 2 минг туп олхўри кўчатларини оила аъзолари билан экди.
Фақатгина чорва боқадиган яйлов бўлиб хизмат қиладиган ушбу майдонларда кўркам боғ яратилиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди. Лекин астойдил меҳнат қилинса, имкон албатта топилади. Фермер ташкил қилинган боғда ҳукумат томонидан яратиб берилган имкониятлардан фойдаланиб, томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилди. Қулай нуқталардан артезиан қудуқлари қаздирди. Қарибсизки, суғориш масаласи ҳам ҳал этилди.
Чўлқувар боғбоннинг фаолиятини ёритиш мақсадида манзилга борар эканмиз, айни иш устида топдик. Атроф қип-қизил чўл, ўртада эса кўркам боғ. Беш йил олдин экилган бодом, узум ва олхўри кўчатлари бугун улғайиб, ҳосилга кирган.
– Боғимизга асосан иссиқ ва совуқ иқлимга ҳамда сувсизликка бардошли кўчатлар экканмиз, – дейди М.Жовлиев. – Масалан бодом дарахти мавсумда 3 ёки 4 марта сув ичса етарли. Бундан ташқари, кўчатлар орасига ерток усулида узумнинг майизбоп кишмиш ва тоифи навларидан экканмиз. Улар ҳам ўтган йилдан ҳосилга кира бошлади. Ҳосилдорлик ёмон эмас. Масалан ўтган йили икки тоннага яқин бодом терган бўлсак, бу йил шунча ҳосил бодомзоримизнинг тўртдан бир қисмидан чиқди.
[gallery-24604]
Айни кунлар боғбоннинг ҳосилни йиғиштирадиган пайти. Бодомлар ғарқ пишган маҳал. Набираю келинлар, қўни-қўшни барча-барчаси ҳашарга жалб қилинган.
– Шу хонадонга келин бўлиб тушганимга 5 йил бўлди, – дейди Ўғилой Рўзибоева. – Кўчатларни экканимизда янги келин эдим. Ўзим қишлоқда ўсган бўлсамда боғдорчилик ишларидан бехабар бўлганман, лекин қайнотам устозлик қилиб, боғдорчиликнинг кўп сир-асрорларини ўргатиб келади. Бугунги кунга келиб анчагина ўрганиб қолдим. Ҳозир бодомларни теряпмиз. Кейин олхўри терими бошланади. Олдинроқ эртачи узумларни йиғиштирдик. Кейинроқ кечкисини узамиз. Хуллас эрта баҳордан то кеч кузгача боғда меҳнат қиламиз. Баъзи боғни суғориш ишларини ҳам ўзим бажараман. Шунга яраша манфаатдорлигимиз яхши. Рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин.
Бугунги кунда боғбон боғдорчилик ишларини янада такомиллаштириб, ажратилган ерлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Шу мақсадда ўтган йили қатор ораларига коврак уруғини ҳам сепди. Улар униб чиқди. Бир неча йилда ковраклар ҳам ширага тўлади. Бу эса қўшимча даромад дегани.
Лалми майдонларда писта кўчатлари етиштириш, парваришлаш, кўпайтириш эса кейинги йилларда боғбоннинг асосий мақсадига айланган.
– Писта донагини экиб, кўчатини етиштириб, боғимизга экяпмиз, – дейди М.Жовлиев. – Эккан кўчатларимизнинг учдан бир қисми тутган. Бу ишларни ҳар йили давом эттиряпмиз. Пистачилик бўйича мутахассислардан кўплаб маслаҳатлар олган ҳолда секин-аста яхши натижаларга эришяпмиз. Писта дарахти ҳар қандай жойда тутиши қийин, шунингдек анча йилдан кейин ҳосилга киради. Лекин узоқ йил яшайди. Мақсадим келгусида лалми майдонларда писта плантацияларини ташкил қилиш.
Давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорларга яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланган боғбон жорий йилда боғида 30 киловаттлик қуёш панелларини ҳам ўрнатган. Натижада суғориш учун фойдаланиладиган сув насослари муқобил энергия манбалари билан таъминланди. Бу ҳам хўжалик бюджетига каттагина фойда келтирмоқда. Боғбоннинг таъкидлашича, электр энергиясидан иқтисод қилинган маблағ фаолиятни янада ривожлантиришга қаратилади.
“Яхшидан боғ қолади”, дейишади халқимиз. Мустафо Жовлиев эса бу нақлни ўз меҳнати билан исботлади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари