Чодакда замонавий дам олиш маскани барпо этилмоқда
Чодак ўзининг бетакрор табиати, қиру тоғлари ва сой жилғалари билан азалдан минглаб сайёҳлар учун севимли маскан бўлиб келган.
Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида “Распутин Агро Сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан фин услубидаги кемпинглар, коттеж ва ўтовлар мажмуасини ўз ичига олган замонавий туризм, дам олиш ва хизмат кўрсатиш маркази барпо этилмоқда.
Чодак ўзининг бетакрор табиати, қиру тоғлари ва сой жилғалари билан азалдан минглаб сайёҳлар учун севимли маскан бўлиб келган. Сўнгги йилларда Чодак қишлоғининг туризм салоҳиятини янада юксалтириш борасида кенг ҳажмли ишлар амалга оширилмоқда.


Чодаксой бўйидаги бир гектарлик майдонда барпо этилаётган дам олиш масканининг ўзига хослиги шундаки, бу ерда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун бир вақтнинг ўзида уч йўналиш (туризм, дам олиш ва хизмат кўрсатиш)да хизмат кўрсатилади.
Айни пайтда фин услубида қурилган, ҳар бири икки ўринли, барча қулайликлар мавжуд учта кемпинг қуриб битказилди. Бундан ташқари, 7 та икки қаватли коттеж типидаги меҳмон уйлари қуриш ишлари бошланиб, пойдевор қурилган. Шунингдек, сой бўйидаги бўш майдонга 10 та ўтов қўйиш, маҳаллий ўзига хос таомларни таклиф этувчи тематик ошхона барпо этиш ишлари бошланган.
– Барча ишларимиз замирида Чодакни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш, эл фаровонлигига хизмат қилишдек, буюк мақсад ётибди, – дейди туризм маскани раҳбари Раҳимжон Қўлдошев. – Айни пайтда туризм соҳасида хизмат кўрсатаётган биз каби тадбиркорларга давлат томонидан қатор имтиёзлар таклиф этилаётгани фаолиятимиз ривожида муҳим омил бўлмоқда.