
Сир эмас, шу пайтга қадар чиқинди полигонларида культивация ишлари олиб борилмаган. Ҳудудлардаги чиқиндихоналар қаровсиз, яшил ер генофонди яроқсиз, маиший чиқиндихоналарда электр таъминоти тизими ва кириш йўллари таъмирталаб, девор билан ўралмаган ҳолатда бўлиб, атрофда яшовчи аҳолининг соғлиғи ва ҳаётига турли хавф солувчи бир қатор омиллар юзага келаётган эди.
Чиқиндиларнинг ҳавога кўтарилиши ва ёқимсиз ҳид тарқалиши, ёнғинлар чиқишининг олдини олиш, чиқиндихоналарни замонавий санитар полигонларга айлантириш ва уларнинг салбий таъсирига чек қўйиш мақсадида чиқинди полигонларини тизимли бошқариш йўлга қўйилиб, рекультивация қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, 2024 йилда 81,02 гектар ҳудудни эгаллаган жами 29 та қаттиқ маиший чиқинди полигони рекультивация қилинди.
Белгиланган ҳудуддан ташқарида ёйилган чиқиндилар йиғилиб, 10 миллион тоннадан ортиқ чиқинди санитария меъёрларидан келиб чиқиб, замонавий талаблар асосида белгиланган жойда тўпланиб, махсус техникалар ёрдамида 50 см тупроқ қатлами билан ёпилди. Натижада инсонлар саломатлиги ва атроф-муҳит, экологияга салбий таъсирига чек қўйилди.
Жорий йилда манзилли дастур асосида 74,53 гектар ер майдонини эгаллаган 9 та маиший чиқинди полигони рекультивация қилиниб, санитария талаблари асосида тупроқ қатлами билан ёпилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари “2019 — 2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси”да 197 та чиқинди полигонидан 151 тасининг фаолиятини тўхтатиш (оптималлаштириш) кўзда тутилган.
Соҳада келгуси беш йилликда 970 гектар ер майдони рекультивация қилиниб, табиатга қайтариш, йилига 58.5 миллион тонна газ сизиб чиқиши ҳамда ёнғин ҳавфини олдини олиш, сизот сувларнинг атмосфера ҳавосига салбий таъсирини ўртача 78 фоизга камайтириш, 116 та туман ва шаҳарда санитар тозалаш хизматлари сифатини 50 фоизгача яхшилашга эришиш режа қилинган.
Таъкидлаш жоизки, бу каби чора-тадбирлар натижасида табиатга қайтарилган ер майдонларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 197 мингта дарахт ва бута кўчатлари экилиб, “яшил белбоғ”лар ташкил этилиши натижасида ер генафонди яхшиланиб, яшил ҳудудлар яратилмоқда.
Махсус техникалар базасини мустаҳкамлаш мақсадида “Тозаҳудуд” ДУК ҳамда ДХШлардан 245 та махсус техника қабул қилиниб, улардан 75 таси жорий ва мукаммал таъмирдан ўтказилди. 157 та махсус техника ГПС орқали назорат қилинмоқда. 25 турдаги махсус техника учун ёқилғи меъёри ишлаб чиқилиб, ҳисобот юритилиши йўлга қўйилди.
78 дона махсус техника харид қилиниб, Чиқиндиларни бошқариш агентлиги ҳузуридаги Чиқинди полигонларини бошқариш дирекциясининг ҳудудий бошқармаларига тақсимлаб берилди.
Замонавий санитар полигонларини ташкил этишда инсон омили иштирокини минимал даражага тушириш, онлайн назоратни йўлга қўйиш, чиқиндилар ҳисобини автоматлаштирилган тарзда бошқариш учун Манзилли дастур ишлаб чиқилган. Унга кўра, ҳозирда 37 та чиқинди полигони авто тарози ва кузатув камераси билан жиҳозланмоқда.
Хўш, аслида белгиланган тартибга кўра, замонавий санитар полигонлари қандай бўлиши керак ?
Мазкур савол юзасидан Чиқиндиларни бошқариш агентлиги ҳузуридаги Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси бўлими бошлиғи Соҳиб Ҳизиров маълумот берди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/7aCU6aMZTcs?si=XJc24xwwzIWWFLSI" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди
ЎзА