Мамлакатимизда футболни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор самарасида моҳир футболчиларнинг янги авлоди тарбияланмоқда. Болалар ва ўсмирлар футбол мактаблари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари, футбол мактаблари ва академиялари фаолиятининг замон талабларига мос йўлга қўйилгани бунда муҳим омил бўлаётир.
Барчамизга маълумки, Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) шафелигида ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиладиган ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубоги катта спорт остонасида турган ёшлар учун маҳорат ва тажриба мактаби бўлиш билан бирга, қитъамиз терма жамоалари учун U17 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатига йўлланма берадиган ягона мусобақа ҳамдир.

Ана шундай нуфузли мусобақанинг бу галгиси Саудия Арабистонида ташкил этилди. Унда қитъамизнинг 16 жамоаси 4 гуруҳга бўлинган ҳолда ғолиблик ва Қатарда ўтадиган мундиал йўлланмаси учун куч синашди. Қувонарлиси, улар орасида Ислом Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этди.
Мазкур кубок баҳсларини U17 ёш тоифасидаги Ўзбекистон терма жамоаси «А» гуруҳида бошлади. Ушбу гуруҳда дастлаб Таиланд термасини 4:1 ҳисобида таслим қилган футболчиларимиз иккинчи турда Хитойни 2:1 ҳисобида енгди. Натижада футболчиларимиз 6 очко жамғарган ҳолда муддатидан аввал жорий йилнинг 3-27 ноярбь кунлари Қатарда ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланмани нақд қилди. Шунингдек, гуруҳ пешқадамлиги учун мезбон Саудия Арабистонига қарши ўйинда 3:0 ҳисобида ғалабани қўлга киритиб, 9 очко тўплади.

Ўзгача услуб, тезкор ва юқори техника билан ажралиб турган футболчиларимиз чорак финал учрашувида БАА терма жамоасини 3:1, ярим финалда КХДР термасини йирик - 3:0 ҳисобида енгди.
Қарийб бир ой давом этган Осиё кубоги баҳсларининг сўнгги ҳал қилувчи ўйини Саудия Арабистони ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасида Тоиф шаҳридаги “Қирол Фаҳд” стадионида ўтказилди. Учрашувнинг дастлабки дақиқаларини ҳар иккала жамоа тенг курашлар билан бошлади. Бироқ, ўйин бош ҳаками қатарлик Муҳаммад Аҳмад Ал-Шаммари 40-дақиқада Нурбек Сарсенбаевни, сўнгра 45-дақиқада Миразиз Абдукаримовни майдондан четлатди. Жамоамиз бўлимни 9 киши бўлиб якунлади.

Бироқ, иккинчи бўлимда вакилларимиз ирода намойиш этди ва қарши ҳужумлардан унумли фойдаланди. Натижада 50-дақиқада Саудия Арабистони вакиллари ўз дарвозалари олдида қоида бузди. Бу вазиятда яна бош ҳакам катта саҳнага чиқди ҳамда VAR’ қарорига кўра мезбонлар дарвозасига пенальти белгилади. Ундан Муҳаммад Ҳакимов аниқ фойдаланди ва жамоамизни 1:0 ҳисобида олдинга олиб чиқди. Барча кутгандек бу голдан сўнг ёш футболчиларимиз ҳимоявий ўйин намойиш этмади ва олдинга боришда давом этди.
70-дақиқада дарвозабон Неъматуллоҳ Рустамжонов тезкор қарши ҳужумни бошлади, қанотдан олдинга ташланган Садриддин Ҳасанов рақибларни алдаб ўтиб, Саудия Арабистони посбонининг оёқлари орасидан гол уриб, ҳисобни иккитага оширди. Шу тариқа Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош совринни қўлга киритди.

Шунингдек, мусобақа давомида ўзининг ёрқин ўйинлари билан ажралиб турган Неъматуллоҳ Рустамжонов — Осиё кубогининг энг яхши дарвозабони, 5 та гол урган Асилбек Алиев — энг яхши тўпурар, Садриддин Ҳасанов — турнирнинг энг яхши футболчиси дея эътироф этилди.
Исломжон Исмоилов бош мураббийлик қилаётган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси қайд этган натижалар мамлакатимизда моҳир футболчиларнинг янги авлоди етишиб чиқаётганини кўрсатди. Уларнинг улкан муваффақиятлари ҳамюртларимиз қалбини фахр-ифтихорга тўлдирди.

Мамлакатимизда футболнинг оммавийлигини янада ошириш, истиқболли ва иқтидорли футболчиларни танлаш ҳамда профессионал даражада тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш, тренер ва ҳакамларни халқаро талаблар асосида тайёрлаш ва маҳоратини юксалтириш, футбол инфратузилмасини яхшилаш ҳамда ўрнатилган стандартларга мослаштириш мақсадида қабул қилинган Президентимизнинг 2023 йил 7 апрелдаги “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу муваффақиятларга замин бўлди.
Ҳа, сўнгги йилларда дунё янги ўзбек футболининг улкан муваффақиятларини кўрмоқда ва тан олмоқда. Осиё чемпиони бўлган ёш футболчиларимиз катта спорт сари илк залворли қадамини қўйди. Келажакда уларни янги мусобақалар, жиддий синовлар кутмоқда. Халқимиз эса ўз фарзандларига янада юксак зафарлар тилайди. Бугун мамлакатимизда ёш авлоднинг ўз орзу-умидларини рўёбга чиқариши учун барча имконият ва шарт-шароит мавжудлиги бунга ишонч уйғотади.
Энди қитъада тенгсиз бўлган жамоамиз Қатар мезбонлигида ўтадиган мундиалда иштирок этади. Умид қиламизки, ўсмирларимиз ушбу чемпионатда ҳам муваффақият қозонади ва янги тарих ёзади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА