Бухоро вилоятида турли йўналишларда тадбиркорлар сони ортиб бормоқда. Жумладан, жорий йилнинг 1 март ҳолатига кўра вилоятда янгидан ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари сони 729 тани ташкил этди. Уларнинг 726 таси микрофирмалар ва кичик корхоналар ҳамда 3 таси йирик корхоналар саналади.
Эътиборлиси, ишбилармонларга берилаётган енгилликлар ва соҳага дахлдор ташкилотлар масъулларининг яқиндан кўмаги натижасида вужудга келаётган ана шундай корхоналар ҳисобига вилоятнинг солиқ базаси кенгаймоқда. Бу вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва бюджет тушумларининг ошишига хизмат қилмоқда.

Шу боис, айни кунларда вилоятнинг барча ҳудудларида кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувларда ҳам тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларга ечим топиш ҳамда уларнинг бизнесини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Вилоятнинг чекка ҳудуди Олот туманида ҳам Бухоро вилояти солиқ бошқармаси, туман мутасаддилари ва Марказий банкнинг вилоят Бош бошқармаси раҳбарлари бизнес вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда солиқ қонунчилигига оид ўзгариш ва янгиликлар ҳамда ишбилармонларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Кичик тадбиркорларга фаолиятини ўрта бизнесга ўтказиш ҳамда ўрта тармоқдаги ишбилармонларга эса бизнесини янада кенгайтириш бўйича бир қатор таклифлар билдирилди.
Очиқ мулоқотда ўндан ортиқ масалалар юзасидан мурожаатлар ва таклифлар келиб тушди. Учрашув натижаларига кўра билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, туманда тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.