31 май – бутун дунёда Бутунжаҳон тамакисиз кун сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан Сирдарё вилояти Наркология диспансери ҳамда “Адолат” социал-демократик партияси шаҳар кенгаши ҳамкорлигида Гулистон шаҳар деҳқон бозорида “Биз чекишга қаршимиз!” шиори остида тарғибот-ташвиқот тадбири ташкил этилди.
Тадбир доирасида кенг жамоатчиликка тамаки маҳсулотлари, уларнинг инсон саломатлигига таъсири ва келтириб чиқарадиган хасталиклар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Мутахассислар томонидан тамаки чекувчиликнинг нафақат саломатликка, балки оилавий иқтисодиётга ҳам салбий таъсири алоҳида таъкидланди.
– Бундай тадбирлар фақатгина 31 май билан чегараланмаслиги, балки йил давомида изчил равишда ўтказилиши лозим. Чунки тамакининг зарари жуда кўп, лекин заррача ҳам фойдаси йўқ. Биринчидан, соғлиққа жиддий зарар етказса, иккинчидан, оила бюджетига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Албатта, кимдир бу сўзларимни ўринсиз деб ҳисоблаши мумкин, аммо бу – ҳақиқат, – дейди меҳнат фахрийси Нарзулла Сафаров.

Тадбир иштирокчилари ўртасида брошюра ва плакатлар тарқатилди, шунингдек, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва зарарли одатлардан воз кечиш мавзусида суҳбатлар олиб борилди.
– Ҳар бир чекилган сигарет – умрнинг бир дақиқасига берилган зарба. Соғлом ҳаёт бугун танлов эмас, балки масъулият ҳисобланади,– дейди Сирдарё вилояти Наркология диспансери бош шифокори Ойбек Юллашев. – Биз бу тадбирлар орқали, айниқса ёшлар орасида чекмаслик маданиятини шакллантириш ва нафақат саломатликни, балки эркин нафас олиш ҳуқуқини ҳимоя қилишни мақсад қилганмиз. Тамакига қаршимиз – чунки биз ҳаёт тарафдоримиз.

Бундай ташаббуслар аҳолининг, хусусан ёшларнинг онгини юксалтириш, чекувчиликнинг зарарли оқибатлари ҳақида хабардорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
– Соғлом жамият – соғлом фуқаролардан бошланади. Бугунги тадбиримиз орқали биз фақат чекувчиликка эмас, балки бепарволикка қарши ҳам курашяпмиз. Ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш – бугунги кунимизнинг устувор вазифасидир, – деди “Адолат” СДП шаҳар кенгаши раиси Феруза Умурзакова.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири