Божхона органлари томонидан пост орқали ҳаракатланаётган фуқаролар билан коррупция иллатининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
“Хўжайли” чегара божхона пости ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тадбирда фуқароларга ушбу иллатнинг келиб чиқиши, салбий оқибатлари ва унинг олдини олишнинг самарали усуллари бўйича тушунчалар берилди. Шунингдек, ҳар бир фуқаро жамиятда коррупциянинг олдини олишга масъул эканлиги, ҳуқуқий саводхонлиги юқори бўлган инсонларда ушбу иллатга мойиллик кам бўлиши таъкидланиб, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятни ошириш мақсадида божхона чегаралари орқали ҳаракатланганда риоя этилиши шарт бўлган қонунчилик талаблари тўлиқ тушунтирилди.

Учрашув давомида божхона чегараларидан ўтишда қонунчиликка қатъий риоя этиш кераклиги ва ҳеч қачон божхона ходимига “пора” таклиф этмаслиги эслатиб ўтилди. Божхона ходимининг моддий манфаатдорлик ҳолатига дуч келса, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг 11-08 қисқа ва Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг (61) 224-90-86 ишонч рақамларига қўнғироқ қилиши сўралди.
Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан хизмат вазифаларини бажариш жараёнида таъмагирлик, порахўрлик, хизмат ва мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш каби жиноятлар ҳамда бошқа қонун бузилиши ҳолатлари содир этилишининг олдини олиш бўйича шахсий таркиб ўртасида 2024 йил давомида 106 маротаба, 2025 йил бошидан эса 67 маротаба умумий профилактик йиғилиш ўтказилди. 18 маротаба хуфиёна текширув ва 12 та хизмат текшируви натижасида 10 нафар божхона ходимига нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган.
Дарҳақиқат, бутун жамият вакиллари бирлашиб, ўзаро қатъий назорат ўрнатилсагина ушбу иллатни енгиш мумкин бўлади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири