
Жиззах вилоятининг туризм салоҳиятини Буюк Британияда кенг тарғиб қилиш ва хорижий сайёҳларни жалб этиш юзасидан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари Сардор Шукуруллаев Фориш туманига ташриф буюрган Буюк Британиянинг туризм элчиси Софие Иботсон хоним ва англиялик сайёҳлар билан учрашди. Учрашув доирасида Фориш туманидаги сайёҳлик объектлари, хусусан, табиий гўзалликка бой ҳудудлар ва тарихий ёдгорликлар билан танишув ташкил этилди.

Учрашув давомида Буюк Британиянинг туризм элчиси томонидан 2025 йилда Буюк Британиядан шу бугунги кунгача 800 нафар турист жалб қилингани ва жорий йил давомида яна 1500 нафардан ортиқ инглиз сайёҳлари Ўзбекистонга олиб келиниши режалаштирилгани маълум қилинди.
Мулоқотда Буюк Британия туризм элчисининг ушбу ташрифи Жиззах вилоятининг сайёҳлик имкониятлари Англияда кенг ёритилишга хизмат қилиши, шу билан бирга, маҳаллий тадбиркорлар ва ҳунармандлар учун янги ҳамкорлик имкониятлари очилиши мумкинлиги таъкидланди.

Шу ўринда, мазкур учрашувда Жиззах вилоятининг туризм салоҳиятини Буюк Британияда кенг тарғиб қилиш ва хорижий сайёҳларни жалб этиш юзасидан ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланганини, ушбу ҳужжат доирасида туризм инфратузилмасини ривожлантириш, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва сайёҳларга қулайликлар яратиш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Учрашув сўнггида Софие Иботсон хоним мезбонларга ажойиб меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдириб, Жиззах воҳасининг маданий бойликлари уларда чуқур таассурот қолдирганини, шунингдек, Жиззах туризм учун катта салоҳиятга эга ва уни халқаро даражада тарғиб этиш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари