Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Британияда ишчи кучига бўлган эҳтиёж ошиб бораётганлиги сабабли ҳукумат томонидан ажратилган квота доирасида Ўзбекистондан меҳнат мигрантларини тартибли ва уюшган тарзда мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этиш имкониятлари мавжуд. Юртимиздан жалб этиладиган меҳнат мигрантларининг рекрутинг жараёнида ҳуқуқ ва манфаатлари британиялик иш берувчилар томонидан бузилмаслиги доимий равишда мониторинг қилиб борилади. Буюк Британия Атроф-муҳит, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги масалалари департаменти 30 мингга яқин мавсумий ишчи учун визаларни 2024 йилга қадар узайтирган. Зарурат туғилса, уларнинг сони 40 мингга етказилади.
Хўш, Буюк Британияга ишга кетиш тартиби қандай?
Мазкур савол юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутахассиси Бобур Темурбоев қуйидаги маълумотларни тақдим этди.
Қайд этилишича, ҳозирги вақтда Буюк Британияда тажрибали қассобларга талаб мавжуд. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Буюк Британиядан мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари ва гўшт маҳсулотлари бўйича сифат назорати соҳаси бўйича талабномалар олган. Келажакда янги иш берувчилар билан ҳамкорлик ўрнатиш ва Ўзбекистондан миграция оқимини кенгайтириш бўйича ишланмоқда
Шу соҳаларда тажрибага эга номзодлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилиши мумкин. Бунда номзодлардан хорижга чиқиш биометрик паспорти ва ўз электрон почтасига эга бўлиши сўралади.
Иш вақти кунига ҳафтасига 32 соатдан бошлаб, 40- 45 соатларгача давом этиши мумкин. Таклиф қилинаётган ишлар мавсумий бўлганлиги сабабли маошлар ҳафталик тўлов шаклида тўлаб берилади.
Суҳбатлар рус тилида олиб борилади. Буюк Британияга ишга кетиш учун хорижда юрган ўзбекистонлик фуқаролар ҳам онлайн тарзда рўйхатдан ўтиши мумкин. Аммо номзод иш берувчи билан суҳбат жараёнида ўзи иштирок этиши шарт.
Барча босқичдан муваффаққиятли ўтган номзодлар Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хизмати, ўқитиш ва кўниктириш учун БҲМ нинг 5 баравари миқдоридаги ҳамда виза тўловини, шунингдек, 330 £ авиачипта харажатларини амалга оширади.
Бугунга қадар мамлакатимиздан Буюк Британияга 2000 нафардан ортиқ фуқаро ишлаш учун юборилган.. Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, агар номзодда Ўзбекистондан чиқиш ёки Буюк Британияга кириш билан боғлиқ бошқа муаммо бўлмаса, элчихона томонидан виза ўз вақтида расмийлаштириб берилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА