Улуғ алломалар ҳақидаги бадиий китоблар ўқувчиларда доим катта қизиқиш уйғотган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида уюшма аъзоси Озод Мўъминнинг “Мўъжиза инсон – Ҳазрат Имом Бухорий” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу китоб Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси ҳомийлигида нашр этилди. Асар юртимиз тарихида ўтган энг ноёб инсонларнинг бири – Имом Бухорийнинг бутун ҳаётини – туғилишидан то вафотига қадар ва унинг Ислом оламида Қуръондан кейинги китоб ҳисобланувчи “Ал-Жомъе ас-Саҳиҳ”нинг ёзилиши, замона алломалари томонидан тан олиниши ва бутун ислом оламига тарқалиши воқеаларини ўз ичига олган.
Роман-эссе Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва тарихчи олим, марҳум Убайдулла Уватов тақдим қилган илмий манбалар ҳамда бошқа тарихий маълумотлар асосида битилган. Унинг ёзилиши жараёнида Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик ва Тарих институтлари ходимларининг маслаҳатлари ҳам инобатга олинган. Асарга улуғ уламоларимиздан Шайх Абдулазиз Мансур маъсул муҳаррирлик қилган. Китоб Дин ишлари бўйича қўмитанинг махсус рухсатномаси билан чоп этилди.
– Кейинги йилларда мамлакатимизда улуғ аллома боболаримиз ҳаётини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда, – деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов. – Имом Бухорий ҳақидаги ушбу китоб ҳам 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган китобхонга буюк аллома ҳақида қимматли маълумот бериши билан аҳамиятлидир. Бу каби асарлар келгусида фильмлар яратилишида муҳим асос бўла олади.
Асарда алломанинг оилавий келиб чиқиши, туғилиши, улғайиши, ўқиши ва ёш пайтиданоқ ҳадислар дунёсига қадам ташлаши ҳамда йигитлик даври қизиқишлари баён этилган. Шунингдек, илк ва кейинги устозлари, шогирдлари ҳамда бошқа одамлар билан муносабатлари, илм йўлидаги заҳматлари, қийинчиликларни мардонавор енгиши ҳам кўрсатилган. У ўзидаги ноёб қобилият – кучли қувваи ҳофизаси туфайли эслаб қолган 600 мингдан ошиқ ҳадислар ичидан энг саҳиҳларини танлаб, ҳозирга қадар бутун Ислом олами ўрганадиган асарини битиш жараёни “Мўъжиза инсон – Ҳазрат Имом Бухорий” номли китобда ўзига хос тарзда бадиий жонлантирилган. Булардан ташқари, умри сўнгида, илгари дўст бўлиб, кейин ҳасад туфайли душманлик йўлига ўтган айрим таъсирли уламоларнинг ёмонликларидан чеккан жафолари, оилавий ҳаёти жиҳатлари ҳам ўқувчини ҳаяжонлантиради.
Асарда воқеалар ривожланиши ва давом этиши мобайнида, ўша давр тарихий жараёнлари ва улуғ зотлари ҳақидаги маълумотлар билан ҳам танишиш мумкин. Шунингдек, янги роман-эсседа, шу пайтгача аксар илмий маълумотларда учрамаган, аммо кейинги йилларда олимларимизнинг машаққатли меҳнатлари оқибатида аниқланган янги маълумотлардан фойдаланилган.
Умуман олганда, ушбу “Мўъжиза инсон – Ҳазрат Имом Бухорий” китобини наинки Ватанимизнинг ҳар бир вакили, балки бошқа юртлар кишилари ҳам мутолаа қилсалар, шубҳасиз, зарур тарихий билимларга эга бўладилар ва улуғ зотнинг ҳаёти билан яқиндан танишадилар.
Ёзувчи Озод Мўминнинг тарихий асарларида Имом Мотуридий, Ҳазрат Сайид Амир Кулол, Хўжа Муҳаммад Паррон, Шайх Зайниддин Кўйи Орифоний, Абулҳасан Ҳарақоний, Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд, Соҳиқирон Амир Темур, Алишер Навоий, Ҳазрат Имом Қаффол Шоший, Султон Маҳмуд Ғазнавий, Спитамен, Паҳлавон Маҳмуд Пурёрвалий, Хожа Имканагий, Темурий Жаҳонгир Мирзо, Жобой авлиё каби буюк зотлар ҳаётлари ва фаолиятлари тасвирланган.
Озод Мўъминнинг фантастик асарлари Россия, Украина ва Қозоқистонда рус тилида, Ҳиндистон ва Покистон нашрларида инглиз тилида эълон қилинган.
Тақдимот тадбирида янги китоб ҳақида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова,ЎзА