Ўзбекистонда Худойберди Тўхтабоевдек машҳур болалар ёзувчиси бўлмаса керак. Таниқли адиб ўз ижодини ўтган асрнинг ўрталарида, мактабда ишлаб юрган кезларида бошлаган бўлса-да, унинг қаҳрамонлари XXIасрга қадам қўйишга муваффақ бўлди. Ёзувчининг китобларида тасвирланган воқеалар эса бугунги кунда ҳам долзарбдир. Бу адибнинг келажак авлодлар руҳини ҳис қилиш қобилияти эмасми!
Ўзбек болалар адабиётининг атоқли намояндаси Худайберди Тўхтабоев теран тарбиявий аҳамиятга эга китоблар муаллифидир. Истеъдодли адиб олтмиш йилдан ортиқ ижодий фаолияти давомида «Шошқалоқ» (1961), «Фельетондан кейин» (1962), «Сир очилди» (1963), «Сеҳрли қалпоқча» (1964) сингари қиссалари, «Муҳаббат қўшиғи» (1967), «Жонгинам, шартингни айт» (1969), «Конизар юлдузлари» (1978), «Омонбой билан Давронбой саргузашти» (1974) каби асарларини чоп этди. «Сариқ девни миниб» романи (1968) эса ёзувчига катта шуҳрат келтирди. Шундан кейин «Сариқ девнинг ўлими» (1973), «Беш болали йигитча» (1976), «Қасоскорнинг олтин боши» (1981), «Йиллар ва йўллар» (1983), «Ширин қовунлар мамлакати» (1986), «Мунгли кўзлар» (1988), “Жаннати одамлар” (1996) романлари ва бошқа асарларини китобсеварларга инъом этди.

Ҳошимжон Рўзиевнинг саргузаштлари ҳақидаги «Сеҳрли қалпоқча» ҳикоялари силсиласида оптимистик тарзда ёзилган кўплаб эпизодлар оддий қишлоқ мактаби ҳаётидан олинганга ўхшайди, гуё. Зеро, бўлажак адиб ўзининг касбий фаолиятини Фарғонадаги туман мактабларидан бирида ўқитувчиликдан бошлаган, кейинчалик ўқув бўлими мудири, сўнгра мактаб директори лавозимларида ҳам ишлаган. Ёзувчининг ушбу асари кинофильм сифатида ҳам танилди ҳамда XXI аср авлодларига ҳам манзур бўлди. Муаллиф интервьюларидан бирида бу асар 1964-1968 йиллар оралиғида ёзилган бўлса-да, уни ёзиш иштиёқи мактабда ишлаб юрган кезларида пайдо бўлганини ва уни ёзиш учун мотивация етишмаганини эслаган. Х.Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб» ва «Сариқ девнинг ўлими» асарлари ҳатто мактаб ўқув дастурига ҳам киритилган. Уларнинг ўз ватанида машҳур бўлиши нафақат қизиқарли сюжети, балки ўзбек болалар адабиётида саргузашт жанридаги илк асарлар бўлгани билан ҳам диққатга лойиқ.

Муваффақиятли инсон бўлиш учун ҳаётнинг қийин мактабидан ўтиш керак, дейишади. Бўлажак ёзувчининг болалиги осон кечди, деб айтиб бўлмайди. Бўлғуси адиб биринчи оммавий қатағонлар энди бошланаётган йилларда Фарғона вилоятида туғилган. Гап шундаки, Х.Тўхтабоевнинг бобоси бой ер эгаларидан бири бўлиб, бўлажак адибнинг отасига катта мерос қолган. Ўша йилларида оила бошлиғи аёли ва жажжи Худайбердининг кўз ўнгида камбағаллар оломони томонидан калтакланиб ўлдирилган, ҳатто уни умумий қабристонга дафн этилишига ҳам рухсат берилмаган. Сўнг унинг беваси ва кичкина ўғли уни кечаси қабристонга дафн этишди ва Иккинчи жаҳон уруши бошида Россия, Беларусь, Украинадан эвакуация қилинган кўплаб болаларга бошпана берган бувисиникига кўчиб ўтишди, Худайбердининг ўзи эса болалар уйига топширилади.
Кейинчалик ёзувчи бу йиллар хотираларини китобларига киритади. Х.Тўхтабоев адабиётда ўзига хос услубни топгунга қадар «Тошкент оқшоми», «Совет Ўзбекистони» газеталари таҳририятларида публицист бўлиб узоқ ва машаққатли меҳнат қилди, 300 дан ортиқ фельетонлар ёзади, «Гулистон», «Шарқ юлдузи», «Гулхон», «Ғунча», «Юлдуз» ва бошқа журналларда асарлари билан фаол қатнашиб туради. Ривоятларга кўра, тақдир инсонга ҳаётининг бошида ёки қирқ йилдан кейин муваффақиятга эришиш имконини берар экан. Демак, кичкина қаҳрамоннинг саргузаштларини тасвирлаш билан танилган ва энг машҳур болалар ёзувчисига айланган Худайберди Тўхтабоев умрининг иккинчи ярмида катта муваффақиятларга эришди. Гарчи бу китоблар ўтган асрда ёзилган бўлса-да, Ўзбекистоннинг барча болалари улар ҳақида билади. Адиб қаҳрамонларининг кўплаб иқтибослари ёзувчининг ҳаётидан олинган: «Мен сизни ҳали ҳам ҳайратда қолдираман!» – деб хитоб қилади жажжи Ҳошимжон Рўзиев синфдошлари ва мактаб маъмуриятининг адолатсизлигига дуч келганида.
Ҳошимжон хушчақчақ, баджаҳл, бироз дангаса, тўйиб овқатланиб, шон-шуҳрат нурига тўйинишни яхши кўради, лекин шу билан бирга меҳрибон, одамларга яхшилик қилишни жуда хоҳлайдиган бола. Тасодифан унинг қўлига сеҳрли қалпоқча тушиб қолади ва у эгасининг ҳар қандай истагини бажаришга қодирдир. Шундан кейин боланинг барча саргузаштлари бошланади. Болаликда кўринмас одам бўлиб қолишни орзу қилмаган инсон бўлмаса керак. Ёзувчи кулгили ва беозор воқеаларни тасвирлаб бериш орқали китобхонларни ҳайратда қолдира олди.
«Сеҳрли қалпоқча» ҳикояси рус, француз, немис, украин ва бошқа бир қатор тилларга таржима қилинган ва 1970 йилда энг яхши болалар китоби Бутуниттифоқ танловининг мукофотига сазовор бўлган. Адабиётшуносларнинг фикрича, Х.Тўхтабоев ижодидан шарқона завқни олиб ташлаб бўлмайди. Х.Тўхтабоевнинг қаҳрамонлари ҳам ўзи каби меҳнат, меҳр-оқибат, яхшиликка ишониш орқали ҳаёт йўлини очиб беради. Бу эса уларнинг кўп қийин вазиятлардан чиқиб кетишига ёрдам беради.
Ёзувчи содда тилда ёзади, лекин мураккаб ва муҳим мавзуларни кўтаради. Ёзувчи ўзининг энг яхши асарларини XXасрда ёзган, бироқ мустақиллик йилларида ҳам Х.Тўхтабоев «Жаннати одамлар», «Қиз талашган ўсмирлар», «Куёнлар салтанатининг шаҳаншоҳи» каби асарларни ёзди. Адиб дунёқараши кенг ва катта тажрибага эга устоз сифатида узоқ йиллар давомида «Ўйла, изла, топ!» болалар телекўрсатувини олиб борди ва шу орқали адабиётнинг жамиятда кенг оммалашишига муносиб ҳисса қўшди.
Кўпгина ёш қаламкашлар Х.Тўхтабоевни ўз устози деб билади. Адибнинг китоблари МДҲ мамлакатларининг деярли барчасида чоп этилган. Инглиз, араб, япон, немис, болгар, француз, испан, чех тилларига таржима қилинган. Унинг иккита машҳур асари: 1988 йилда «Қасоскорнинг олтин боши» романи ва 2012 йилда «Сеҳрли қалпоқча» қиссаси суратга олинган. «Сеҳргарлар жанги ёки ширин қовунлар мамлакатида» эртак романи учун эса 1989 йилда Ҳамза номидаги Ўзбекистон ССР Давлат мукофоти совриндори бўлган.
Улуғ адиб Худойберди Тўхтабоев мана тўрт йил бўлдики орамизда йўқ. У 2021 йил 21 март куни 88 ёшида Тошкентда оламдан ўтди. Адиб авлодларга бой адабий мерос қолдирди. Худойберди Тўхтабоевнинг ўзбек адабиёти ва санъати ривожидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланган. У ҳаётлигида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими фахрий унвонлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари ва «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.
Лира Шафиқ
ЎзА