Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Б. Сейтназаров бошчилигидаги ишчи гуруҳи халқ хўжалиги тармоқларида жорий қилинаётган истиқболли лойиҳалар, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, бизнесни ривожлантиришдаги илғор технологияларни ўрганиш мақсадида Бухоро вилоятида бўлди.
Меҳмонлар Когон туманидаги “Туткунда” маҳалласидаги тадбиркорлик субъектлари, хусусан, фаолият бошлаганига кўп бўлмаган гўштни қайта ишлаш цехи фаолияти билан танишди.

Маҳалланинг “драйвери”, яъни “ўсиш нуқталари” сифатида томорқа, иссиқхона хўжалиги ва паррандачилик тармоқлари ривожланмоқда. Ҳудудда қурилиш материаллари, пардозбоп ғишт, брусчатка ишлаб чиқариш, буғдойни қайта ишлаш корхоналари билан бирга аҳолига савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритмоқда.

Айнан Туткундада лойиҳа қиймати 15 миллиард сўм бўлган, кунига 1 тонна гўштни қайта ишлаб, колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Негбой ота” МЧЖ ўз фаолиятини бошлаган. Мазкур корхона замонавий технологиялар асосида жиҳозланган. Унинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 10 миллиард сўмни ташкил этади. Корхонада 30 дан ортиқ янги иш ўрни яратилган.

Шунингдек, Когон туманида металл маҳсулотларини қайта ишлаш, нефть-газ бурғилаш корхоналарига зарур асбоб-ускуна, бутловчи эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатишга ихтисослашган “Когон Марс Плюс” МЧЖ корхонаси фаолияти яқиндан ўрганилди.

Корхона 2009 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Айни кунда МЧЖга зарур ўттиздан ошиқ ускуна ва жиҳозлар Хитой давлатидан олиб келиб ўрнатилган. Бунда маҳаллий ёшлардан 54 нафар ишчи-мутахассис бандлиги таъминланган. Улар томонидан йилига 37 миллиард сўмлик қийматдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу билан бюджетга йилига ўртача 1,5-2 миллиард сўмгача тушум кирим қилинмоқда.

Бундан ташқари, “Бухоро саноатни ривожлантириш комплекси” махсус саноат паркида “Silk Road Innovation Group” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхона томонидан “AQUATON” инновацион гидроизоляцион полотно ишлаб чиқариш лойиҳаси рўёбга чиқарилмоқда.
Умумий қиймати 2,4 миллион АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳа хитойлик инвестор томонидан амалга оширилаётган бўлиб, дастлабки босқичда 35 та янги иш ўрни яратилган. “AQUATON” инновацион гидроизоляцион полотно бу инновацион материал. Сувни ушлаб туриш ва оқишнинг олдини олиш учун зарур бўлган зичлик ва эластиклик хусусиятларига эга. Бу материал тупроқли ва баланд жойларда сув чиқишини камайтириш учун ишлатилади.

Худди шундай, “Silk road inovation” МЧЖнинг тош гилам ишлаб чиқариш лойиҳаси қорақалпоғистонлик мутасаддилар эътиборидан четда қолмади. Мазкур лойиҳа қуввати йилига 600 минг квадрат метр ҳажмдаги гидроизоль ишлаб чиқарилмоқда. Йилига 50 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш имконияти яратилган.
Қорақалпоқлик меҳмонлар “CHINA XIANGYANG GROUP So Ltd” хорижий корхонасида ҳам бўлди. Мазкур тадбиркорлик лойиҳаси умумий қиймати 15 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, йилига 16 минг 800 тонна ҳажмидаги гофра картон қоғози ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозирда 15 та иш ўрни яратилган корхонада йилига 220 миллиард сўм қийматидаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.