Давлатимиз раҳбарининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоятида ҳам қатор амалий ишлар қилинмоқда.
Вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан эрта тонгда “Соғлом ҳаёт сари беш минг қадам босинг!” марафони бўлиб ўтди. Унда МФЙ раислари, кексалар ва фахрийлар бўйича маслаҳатчилар, таниқли спорт усталари, спорт мураббийлари, спортчилар, уларнинг ота-оналари, нуроний отахон ва онахонлар, ёшлар, тиббиёт, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. Марафон иштирокчилари карантин қоидаларига амал қилган ҳолда масофани сақлаб, маскалар ва қўлқоплардан фойдаланиб шаҳарнинг эски қисми бўйлаб пиёда юришди.
-Жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммунитет ҳосил бўлади, - дейди вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Самойдин Ҳусенов. - Зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш, жисмоний фаоллик ҳар биримиз учун зарур. Айниқса, ёши улуғ отахону, онахонларимиз соғлом турмуш тарзига риоя этишлари шарт. Бугунги тадбирда ҳам ёши улуғ нуронийларимиз ўзларининг оила аъзолари билан иштирок этмоқда.

Марафонда кўнгилли иштирокчилар белгиланган масофани пиёда босиб ўтди. Шундан сўнг, Арк қўрғони ёнида эрталабки бадантарбия машғулотлари бажарилди.
Таъкидлаш жоизки, жисмоний ва маънавий соғломликнинг асоси бўлган бу каби тадбирлар аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Тадбир якунида вилоят санъаткорлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Тадбирда “Фахрий спортчи отахон”, “Фахрий спортчи онахон” “Энг ёш иштирокчи”, “Энг кекса иштирокчи”, “Фахрий спортчи” каби наминациялар бўйича ғолиблар тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА