Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва доимий эътибори туфайли сўнгги йилларда Бухоро вилоятида туризм соҳаси жадал ривожланиб, ҳудуд иқтисодиётининг муҳим драйвер йўналишларидан бирига айланди.
Сўнгги йилларда вилоятда туризм инфратузилмасини ривожлантириш, сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бу эса Бухоронинг халқаро туризм бозоридаги нуфузини янада мустаҳкамламоқда.
– Ўтган йиллар давомида вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш борасида бир қатор муҳим ишлар амалга оширилди, – дейди Бухоро вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бобир Тўхсанов. – Жумладан, 96 та янги жойлаштириш воситаси фаолияти йўлга қўйилди. Улар орасида 21 та меҳмонхона, 22 та хостел, 44 та оилавий меҳмон уйи, 3 та хонадон, 1 та ётоқхона, 1 та санатория ҳамда 60 та ўтов (190 та ўрин) мавжуд. Бунинг натижасида вилоятдаги жойлаштириш воситалари умумий сони 688 тага етди. Уларда 7 786 та хона ва қарийб 17 986 та ўрин сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, 37 та янги туроператор ва турагентлик фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг умумий сони 223 тага етди.
[gallery-28079]
Жорий йил 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан юртимизда эълон қилинган дам олиш кунлари ҳамда яратилган қулай шароитлар сабабли кўҳна Бухоро янада гавжумлашди. Қадим шаҳар кўчаларида турли мамлакатлардан ташриф буюрган сайёҳларни учратиш мумкин.
Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 7-9 март кунлари, яъни дам олиш кунларида Бухоро шаҳрига қарийб 120 минг нафар сайёҳ ташриф буюрди. Уларнинг 40 минг нафардан ортиғи хорижий сайёҳлардир. Бу кўрсаткичлар Бухоронинг халқаро туризм харитасидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганини яна бир бор намоён этмоқда.
Бухорога ташриф буюрган меҳмонлар шаҳарнинг бой тарихи, қадимий маданий мероси, ноёб меъморий обидалари, музейлари ҳамда маҳаллий анъана ва урф-одатлари билан танишиб, ўзларида катта таассурот қолдирганини таъкидламоқда.
– Рафиқам билан Ўзбекистонга келдик, – дейди индонезиялик сайёҳ Ҳанс Курниаван. – Саёҳатимизнинг учинчи кунида Бухорони айланяпмиз. Очиғини айтсам, юртингиздаги хизмат кўрсатиш даражаси жуда юқори. Одамларнинг меҳмондўстлиги ва самимий муомаласи мени ҳайратда қолдирди. Қадимий тарихий масканлар эса ҳақиқатан ҳам бетакрор. Бу ерда олган таассуротларимизни сўз билан ифодалаш қийин.
Бугунги кунда Бухоро нафақат тарихий ёдгорликлари, балки замонавий туризм инфратузилмаси, юксак сервис маданияти ва меҳмондўст муҳити билан ҳам сайёҳлар қалбини забт этаётган Марказий Осиёдаги энг жозибадор туристик манзиллардан бирига айланмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари