Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода Наврўз

Кўҳна ва боқий Бухорода “Наврўзни улуғлаш инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган байрам шодиёналари кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Юртимизда баҳорнинг илк нафаси, янгиланиш ва яшариш тимсоли бўлган ушбу улуғ айём ҳар бир хонадон, ҳар бир маҳаллада алоҳида шукуҳ ва файз билан қарши олинмоқда.

Халқ сайли тарзида ташкил этилган Наврўз байрамида миллий таомлар, қадимий урф-одат ва анъаналаримизни ўзида акс эттирган ранг-баранг композициялар намойиш этилди. Миллий халқ ўйинлари, таниқли эстрада хонандалари, вилоятимиз санъат усталари ва академик халқ бадиий жамоалари томонидан тақдим этилган концерт дастурлари йиғилганларга чинакам байрамона кайфият улашди.

Тантаналарда шаҳар ва туманлардан келган жамоатчилик вакиллари, миллий маданий марказлар, турли корхона ва ташкилотлар, муассаса ва маҳаллалар масъуллари, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонлар, меҳнат фахрийлари, иқтидорли ёшлар, шунингдек, юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари фаол иштирок этди.

Тадбир доирасида турли кўргазмалар ташкил қилиниб, уларда халқимизнинг бой маданий мероси, амалий санъати ва замонавий ютуқлари кенг намойиш этилди.

Байрам тадбирида сўзга чиққан вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ботир Зарипов барча йиғилганларни ушбу файзли айём — янгиланиш ва яшариш байрами билан самимий муборакбод этди. У ўз нутқида бугунги кунда вилоят аҳолиси маҳалла ва кўчаларда, майдон ва хиёбонларда, табиат қўйнида сайил-томошалар уюштириб, Наврўзни катта шоду хуррамлик билан қарши олаётганини алоҳида таъкидлади.

[gallery-28267]

Қайд этилганидек, бугун юртдошларимиз бир-бирини самимият билан табриклаб, шу ёруғ кунларга етказгани учун шукроналар айтмоқда. Халқимизнинг она заминга бўлган меҳри, ўзаро аҳиллик ва меҳр-оқибат фазилатлари янада яққол намоён бўлмоқда. Табиатдаги ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда жамиятимиз ва ҳаётимиз ҳам изчил янгиланиб бормоқда.

Айни пайтда юртимизда янги уй-жойлар, таълим, тиббиёт ва маданият масканлари, замонавий саноат корхоналари барпо этилмоқда, обод қишлоқ ва шаҳарлар сони тобора ортиб, юртимиз чиройига янада чирой қўшмоқда. Бу эса мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли дарду ташвишлари билан яшаш, кексаларга ҳурмат, эҳтиёжмандларга ғамхўрлик қилиш каби эзгу тамойилларга асосланган халқчил ислоҳотлар самарасидир.

Шунингдек, вилоятда ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, замонавий корхоналар, йўл ва коммуникация тармоқлари, шинам тураржойлар, янги боғча ва мактаблар, маданият ва спорт иншоотлари қад ростламоқда. “Янги Ўзбекистон” массивларининг барпо этилаётгани эса бу жараёнларнинг янада жадал тус олганидан далолат беради.

Наврўзнинг бетакрор сеҳру жозибаси, айниқса, вилоятдаги 516 та маҳаллада ўтказилаётган халқ сайиллари ва байрам тантаналарида ўз ифодасини топмоқда. Кўп асрлик анъаналар ва замонавий қадриятларни ўзида мужассам этган маҳалла тизимининг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида маҳаллаларда кўплаб муаммолар жойида ҳал этилаётгани ислоҳотларнинг самарадорлигини яна бир бор намоён этмоқда.

Зеро, ёшлар тарбияси, осойишталикни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, хотин-қизлар фаоллигини ошириш, экология ва ободлик масалалари маҳалла еттилиги тизими орқали самарали ҳал этилмоқда.

Бу муборак айёмда Наврўзнинг олижаноб қадриятларидан илҳом олган халқимиз томонидан маҳаллаларда ҳашарлар уюштирилиб, кўчат ва гуллар экиш, янги боғ-роғлар ва сайилгоҳлар барпо этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугун бутун вилоят аҳли байрам кайфияти ва бунёдкорлик руҳи билан яшамоқда. Тантанали тадбирлар вилоят бадиий жамоалари, ёш ижрочилар ҳамда республикамиз санъат усталари иштирокидаги театрлаштирилган концерт дастурлари билан янада файзли ва унутилмас тус олди.

Наврўз шодиёналари вилоятнинг барча ҳудудларида давом этмоқда, халқимизнинг бирдамлиги, меҳр-оқибати ва янгиланишга бўлган интилишини яна бир бор намоён этмоқда.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари