
Мамлакатимизда Наврўз умумхалқ байрами “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида юқори савияда кенг нишонланади.
Шарқона янги йил бошланадиган қутлуғ кун – Наврўзи олам асрлар давомида баҳор, эзгулик, меҳр-оқибат, меҳнат ва бунёдкорлик рамзи сифатида эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида беқиёс ўрин тутиб келмоқда.
Бу мунаввар айём кейинги йилларда Ватанимизда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун”, деган олижаноб ғояга ҳамоҳанг бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди ҳамда мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида кенг нишонланмоқда.
Ушбу улуғ фаслнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган гуманизм, одамзодни бутун борлиқнинг гултожи сифатида эъзозлаш, она замин ва табиатни асраб-авайлаш тамойиллари бугунги кунда ҳаётимизда янада ёрқин намоён бўлмоқда.
[gallery-22281]
Айнан ана шундай эзгу қадриятлар туфайли юртимизда аҳоли манфаатлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш, жамиятнинг ҳеч бир аъзосини меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, ер ва сув ресурсларидан, барча табиат неъматларидан оқилона фойдаланиш устувор вазифага айланмоқда.
Наврўз айёми муносабати билан бой маънавий меросимиз, тарихимиз, маданиятимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, урф-одатларимизни ривожлантириш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” ғояси асосида “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти кенгаши ташаббуси билан Бухоро туризм ва маданий мерос техникумида “Хуш келдинг баҳор, хуш келдинг, Наврўз!” шиори остида “Сумалак сайли” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда партия вилоят кенгаши ходимлари, фаоллари, маҳаллий кенгашлардан сайланган депутатлар, бошланғич партия ташкилоти вакиллари, туризм бошқармаси масъуллари, вилоятдаги миллий маданий марказлар, Бухоро туризм ва маданий мерос техникуми жамоаси, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар яшариш ва янгиланиш, меҳр-мурувват, тинчлик ва эзгулик рамзи саналган Наврўз айёми билан йиғилганларни самимий қутлаб, минг йиллик тарихга эга Наврўз умумхалқ байрами юртимизда мустақиллигимиз арафасида қайта тиклангани ва ушбу шодиёна кунлар шукуҳи, файзу таровати юртимизга қут-барака, файз олиб келишини алоҳида қайд этди. Умуминсоний, боқий қадриятларимизнинг бардавомлигини таъминлашда, бой маънавий меросимизнинг қадр топишида бу каби тадбирларнинг аҳамияти юқори эканлиги таъкидланди.
Сайл давомида тинчликни, Ватанни ва баҳорни мадҳ эттирувчи дилрабо куй-қўшиқлар янгради. Вилоятдаги миллий маданий марказларнинг байрамона чиқишлари тадбир иштирокчиларига янада кўтаринки кайфият улашди.
– Миллий ва умуминсоний қадриятларимизни қарор топтиришда ўзига хос ўрин тутувчи ушбу бебаҳо байрамимиз партиямиз дастурида белгиланган “Қадриятларга таянган тараққиёт” шиорининг устуворлигини таъминлашда, миллий маданий қадриятлар ҳамда замонавий тараққиётнинг уйғунлигини акс эттиришда ўзига хос ўрин тутади, – дейди партиянинг вилоят кенгаши раиси Ражаббой Ҳасанов.
– Бу байрам аввалам бор ўзаро меҳр-оқибат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида нишонланади. Ҳар биримизни бирлаштиради ва яхшиликка интилишга илҳомлантиради, – дейди Бухоро туризм ва маданий мерос техникуми Маънавий маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Гулбаҳор Раҳмонова.
– Турк маданий марказида 25 йилдан буён фаолият олиб бораман, –дейди Ўзбекистон турк миллий маданий маркази Бухоро вилояти бўлими раҳбари Жума Шукуров. – Бизнинг турк миллатининг байрамлари билан биргаликда ўзбек халқи байрамлари бир хилдир. Ўтказилган тадбир менга жуда маъқул бўлди. Барчани шодиёна кун билан қутлайман.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари