Бухоро вилояти Олот туманида “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” танловининг туман босқичи бўлиб ўтди. Танловдан кўзланган асосий мақсад маҳаллаларда ёшларга кекса авлод вакилларининг ҳаётий тажрибасидан кенг фойдаланиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишдир.
Танловда 35 нафар фаол нуронийлар иштирок этди. Ҳар бир нуроний ўз маҳалласидаги ёшларга етказаётган ижобий таъсири, уларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига қўшган ҳиссаси, юртдошлар орасидаги эътибори билан баҳоланди.

Ҳайъат аъзолари хулосасига кўра, 1-ўрин “Дилкор” маҳалла фуқаролар йиғинидан Чори Қурбоновга насиб этди. Шунингдек, 2-ўринга “Жайхунобод” маҳалла фуқаролар йиғинидан Анвар Адилов лойиқ деб топилди. 3-ўринни “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинидан Зулҳумор Қуллиева қўлга киритиб вилоят босқичига йўлланма олди.
Танлов ғолиблари диплом ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

***
“Депутат маҳаллада” лойиҳаси доирасида Халқ депутатлари Бухоро вилояти Когон тумани кенгаши депутати Гулмера Каримова ҳудуд фуқаролари билан учрашиб муаммоларга ечим топишга ҳаракат қилди.
Лойиҳа доирасида “Туткунда” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 4-умумий ўрта таълим мактаби битирувчи ёшлари билан учрашиб, келажакда мустақил ҳаётга қадам қўйишлари, олий ўқув юртларига йўналтириб касб-ҳунарларни эгаллашлари учун яратилган имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш борасида ўзининг таклифларини берди.

– Депутат ишонч ва масъулиятни виждонан адо этса, унинг халқ ва Ватан олдида юзи ёруғ бўлади. Маҳаллаларда истиқомат қиладиган кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор, ёшлар, аёллар, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, кўп болали оилалар, доимий даромадга эга бўлмаган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг мурожаатларини тинглаш мақсадида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Эндиликда маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳудудларда давлат боғча ва мактабларни ташкил этиш, атмосфера ҳавосига таъсир этувчи корхоналарни қуриш, чиқинди кўмиладиган жойларни аниқлаш ва йўловчи ҳамда юк ташиш тарифларини белгилаш каби қатор жараёнларда фаоллик кўрсатади, – дейди депутат Гулмера Каримова.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.