Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро туманида янги лойиҳалар

Айни пайтда “Бухоро-Агро стар” МЧЖ ҳамда “Гала Ривер” МЧЖ негизида “Ўлмас Голд” МЧЖ томонидан замонавий агросаноат мажмуаси ва энотуризм марказини барпо этиш бўйича йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа қиймати 20,5 миллиард сўмни ташкил этиб, у ҳудудда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва туризм хизматларини ривожлантиришга қаратилган.

Лойиҳа доирасида бир қатор замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш режалаштирилган. Жумладан, йилига 250 минг дона пластик яшик ишлаб чиқариш, 5 минг тонна узум шарбати тайёрлаш имкониятига эга ишлаб чиқариш линияси йўлга қўйилади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узоқ муддат сифатли сақлаш мақсадида 600 тонна сиғимга эга замонавий совуткичли омбор қурилади.

Мазкур мажмуа фақат ишлаб чиқариш билан чекланиб қолмай, туризм соҳасини ҳам ривожлантиришга хизмат қилади. Лойиҳа таркибида барпо этиладиган энотуризм маркази орқали маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун узумчилик маданияти, маҳсулотларни қайта ишлаш жараёнлари ҳамда миллий гастрономик анъаналар билан яқиндан танишиш имконияти яратилади. Марказ йилига 43 минг нафаргача сайёҳга хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлиши режалаштирилган. Режага кўра, ушбу агросаноат мажмуаси ва энотуризм маркази 2026 йил сентябрь ойида фойдаланишга топширилади.

Лойиҳани замонавий технологиялар асосида амалга ошириш мақсадида хорижий ҳамкорлар билан ҳам самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, Хитойнинг “HAITAN” ҳамда Венгриянинг “Maurer Gep Kft.” компаниялари билан зарур технологик ускуналарни етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланган. Бу эса корхонада ишлаб чиқариш жараёнларининг самарадорлиги ва маҳсулот сифатини таъминлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, энотуризм марказига олиб борувчи йўл инфратузилмасини яхшилаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун давлат бюджети ҳисобидан 5 миллиард сўм маблағ ажратилиб, ҳудудга олиб борувчи йўлларни таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Бу эса келгусида сайёҳлар оқимини янада оширишга хизмат қилади.

Бухоро туманида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйишга ҳам катта аҳамият берилаяпти. Хусусан, “Томорқа мактаби” лойиҳаси доирасида 120 нафар томорқа ер эгаси махсус ўқув машғулотларида иштирок этиб, замонавий агротехнологиялар, ҳосилдорликни ошириш усуллари ҳамда бозор талабларига мос маҳсулот етиштириш бўйича билим ва кўникмаларини оширди.

Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу қарор асосида танлаб олинган маҳаллалардаги 9219 та хонадонга агрономик хизматлар кўрсатиш, тупроқ ва сув таҳлилларини амалга ошириш, кўчатлар етказиб бериш ҳамда бошқа агротехник хизматларни ташкил этиш режалаштирилган.

Бухоро тумани “Работак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қиймати 3,6 миллиард сўм бўлган яна бир муҳим лойиҳа – намунавий инновацион узум боғини ташкил этиш ишлари ҳам режалаштирилган. 7,05 гектар майдонда барпо этиладиган мазкур боғ узумчилик соҳасида замонавий агротехнологияларни жорий этиш, юқори ҳосилдор навларни етиштириш ҳамда аҳоли ва фермерлар учун амалий тажриба мактаби вазифасини ўтайди.

Ушбу ташаббус доирасида узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли хонадонларини қамраб олувчи кооперация тизимини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан тортиб қайта ишлаш ва сотишгача бўлган барча босқичларда самарадорликни оширишга хизмат қилади.

Зариф Комилов,  

ЎзА мухбири