Бугун эрта тонгдан кўҳна ва боқий Бухорода жорий йилнинг 6-8 июнь кунлари анъанавий халқаро “Ипак ва зираворлар” фестивалига старт берилди.
Тадбирда ХХ анъанавий халқаро “Ипак ва зираворлар” фестивали доирасида “Арк” мажмуасидан “Лаби ҳовуз” мажмуасигача қатнашчиларнинг “Мўъжизалар карвони” тантанали юришлари ташкил этилди. “Лаби ҳовуз” мажмуасида фестивалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Бухоро шаҳрининг эски шаҳар қисми бўйлаб республикамиздаги фольклор жамоаларнинг чиқишлари, ипак ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда зираворлар савдоси кўргазмаси, зардўзлик, темирчилик, ипак гиламлари, каштадўзлик, кандакорлик, бадиий ва миниатюра санъати маҳорат дарслари ташкил этилди.
Фестиваль доирасидаги халқаро илмий-амалий анжуман, “Палов сайли” миллий таомлар танлови, маҳаллий ва хорижий дизайнерлар иштирокида “Silk & Spices Fashion days” махсус модалар намойиши, тасвирий ва амалий санъат миллий галереяси ва сураткашлар кўргазмаси ҳам ўтказилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, миллий ва спорт ўйинлари намойиши, фестивалнинг ёпилиш маросимига бағишланган гала-концерт каби асосий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Тадбирларни ёритиб бориш учун матбуот штаби ташкил этилиб, унда хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари фаолият олиб бормоқда. Фестиваль хорижий ва маҳаллий журналист ва блогерлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиш режалаштирилган.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/qR44V4G2p3I?si=aV3n3RD8sC9c3b3r" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.