Улан-Батор шаҳрида Мўғулистон Президенти ташаббуси билан Бутунжаҳон тадбиркор аёллар форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова бошчилигидаги Ўзбекистон тадбиркор аёллар делегацияси ҳам иштирок этди.
«Аёлларни илҳомлантиринг, ҳамкорлик қилинг, инвестиция киритинг» шиори остида ўтган тадбирда Президент Ухнаагийн Хурэлсух, Жаҳон савдо ташкилоти Бош директори Нгози Оконьо-Ивела, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Зулайхо Маҳкамова ҳамда дунёнинг 500 нафарга яқин лидер ва тадбиркор аёллари қатнашди.


Форумнинг асосий мақсади — тадбиркор аёлларнинг бизнесдаги долзарб муаммоларини ҳал этиш, улар учун янги имкониятлар очиш ва барқарор тараққиётга ҳисса қўшишдан иборат.
Тадбир доирасида бизнесни ривожлантириш, молиялаштириш манбалари, рақамли трансформация, «яшил» ва инклюзив иқтисодиёт, чегаралараро ҳамкорлик ҳамда экспорт салоҳияти масалаларига бағишланган сессиялар ўтказилди.


Савдо-саноат палатаси ахборот хизмати хабар беришича, икки томонлама учрашувлар давомида ўзбекистонлик тадбиркор аёллар фармацевтика, косметология ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида тажриба алмашиш ва ҳамкорлик йўналишларида қатор келишувларга эришди.
Б.Худойбердиев, ЎзА