Гулистон шаҳридаги “Наврўз” тантаналар уйида “Қурилиш соҳаси ходимлари куни” муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар мамлакатимизда қурилиш ва бунёдкорлик ишлари кўлами ҳамда сифати йил сайин ортиб бораётганини, бу жараёнда соҳадаги ҳар бир мутахассиснинг меҳнати беқиёс аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Айни пайтда Сирдарё вилояти улкан қурилиш ва бунёдкорлик майдонига айланган. Давлатимиз раҳбарининг “Сирдарё вилоятида ишбилармонлик муҳити, инфратузилма ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида жорий йилда давлат дастурлари асосида 1,7 триллион сўм маблағ ҳисобидан 810 та йирик лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Жумладан, 40 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 58 та умумтаълим мактаби, 48 та мактабгача таълим ташкилоти, 124 та кўп қаватли турар-жой бинолари, 17 та сув таъминоти, 10 та ирригация ва мелиорация, 4 та электр таъминоти ҳамда 454 та йўл инфратузилмаси объектларида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, 55 та бошқа йўналишдаги иншоотларда ҳам замонавий бунёдкорлик жараёнлари давом этмоқда.


– Биргина уй-жойга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида шу йилнинг ўзида “Янги Ўзбекистон” массивлари ва талаб юқори бўлган ҳудудларда 3 100 хонадонли кўп қаватли уй-жойларни босқичма-босқич қуриш режалаштирилган, – дейди Сирдарё вилояти уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси бошлиғи Дилшод Рўзматов. – Бу бунёдкорлик ишлари нафақат шаҳар ва туманлар қиёфасини тубдан ўзгартиради, балки ҳар бир оила учун қулай яшаш муҳитини яратишга хизмат қилади.

Шундан сўнг соҳада кўп йиллар фидокорона меҳнат қилган мутахассислар вилоят ҳокимлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бу эътироф уларнинг юксак масъулият ва ташаббус билан амалга оширган ишларига берилаётган муносиб баҳо сифатида баҳоланди.

Тадбир байрамона кайфиятда ўтиб, гўзал куй-қўшиқлар билан якунланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири