«Туркистон» санъат саройида Ўзбекистон халқ артисти Шермат Ёрматов таваллудининг 85 йиллиги ҳамда Ўзбекистон давлат филармонияси тасарруфидаги “Булбулча” болалар хор ва рақс ансамбли ташкил этилганининг 55 йиллигига бағишланган тантанали мусиқий тадбир бўлиб ўтди.
Санъат саройи фойесида Ўзбекистон халқ артисти Шермат Ёрматов ва “Булбулча” болалар ансамбли фаолиятига бағишланган фотокўргазма ташкил этилди. Концерт дастурига ташриф буюрганлар эса мазкур экспозицияларни томоша қилиб, ансамбль тарихи билан танишишга муяссар бўлди.
Маросим аввалида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбековнинг ансамбль жамоасига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.

Шундан сўнг соҳадаги кўп йиллик самарали фаолияти ва болалар ансамблини ривожлантиришга қўшган муносиб меҳнати учун Дилбар Маликова, Эътибор Нарова ҳамда Дилдора Наипова каби устозлар маданият вазирлиги томонидан “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони, яна бир гуруҳ мутахассислар эса ташаккурнома ва статуэткалар билан тақдирланди.
Айтиш керакки, “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамблининг ташкил этилиши “Бойчечак” болалар жамоаси фаолияти билан бевосита боғлиқ. Унинг қатнашчилари кўп марта дунёнинг бир қатор мамлакатларида гастрол сафарларида бўлган. Ижодий жамоа раҳбарларининг кўп йиллар давомида “Бойчечак” студиясида касбий маҳоратга эга бўлгани Ўзбекистон телерадиоқўмитаси қошида “Булбулча” болалар ашула ва рақс дастасини ташкил қилишга туртки бўлди.

“Булбулча” ансамблига бадиий раҳбар сифатида Шермат Ёрматов танланиб, устоз ижодкор кўп йиллар давомида ушбу болалар ижодий жамоасида самарали фаолият олиб борди.
Мазкур ижод масканидан унинг 55 йиллик фаолияти давомида етишиб чиққан атоқли санъаткор бугунги кунда эл хизматида камарбаста бўлмоқда.
“Булбулча” ансамблидан санъат сирларини ўрганиб, ўз йўлини топишга интилаётган аъзолардан яна бир гуруҳи бугунги кунда ўз ансамблларини ташкил қилиб, уларга раҳбарлик қилмоқдалар. “Севинч” дастасининг раҳбари Саодат Музаффарова, “Камалак” ансамблининг раҳбари Наргиза Мирзаева, “Тантана” дастасининг раҳбарлари Фотима ва Зуҳра Зиямуҳаммедова, “Тарона” ансамблининг раҳбари Дилфуза Юсупова ва яна қатор мусиқачилар, мураббийлар, тарбиячиларни эътироф этиш мумкин.

Юқорида санаб ўтилган барча ансамбллар ҳозирги кунда болажонларнинг севимли гуруҳларидандир. Улар юртимиздаги байрамларда мунтазам иштирок этиб, болалар ижодиётига оид танловларда совринли ўринларни эгаллаб келмоқдалар.
Устоз санъаткор Шермат Ёрматов ижод йўли давомида кўплаб композиторлар ва шоирлар билан ҳамкорликда болалар қўшиқларини яратишни йўлга қўйган инсон эди. Пўлат Мўмин, Турсуной Содиқова, Юсуф Шомансур, Ҳайдар Муҳаммад, Қамбар Ота, Сафар Барноев, Қуддус Муҳаммадий, Мирмуҳсин каби шоирлар билан ҳамкорлик яхши қўшиқлар яратилишига сабаб бўлди.
Надим Норхўжаев, Aваз Мансуров, Дилором Омонуллаева, Муҳаммад Отажонов, Хуршида Ҳасанова каби композиторларнинг ижодий йўлини топишга туртки бўлди, десак адашмаймиз.
Мусиқий тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Шермат Ёрматов томонидан “Булбулча” болалар ансамбли учун яратилган қўшиқлар янгради.
Н.Усмонова, ЎзА