-
“Янги Ўзбекистон”да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 26 сентябрь куни Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Сиёсий-юридик комиссияси котиби Чэнь Вэньцин бошчилигидаги делегацияни қабул қилгани, шу куни қурилиш, таълим, туризм ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишганига оид шарҳ, хабар берилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Восит Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази жамоасига табриги, шунингдек, “Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг 50 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилинган. “Ўзбекистон электроника хабига айлана оладими?” мақоласи эътиборли. “Бир неча ўн йиллар аввал юртимизда машҳур миллий бренд остида электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарила бошлагани кўпчилик томонидан ҳайрат билан кутиб олинганди. Бренд аста-секин кенгайиб, маҳсулотлар тури кўпайиб борди. Аммо унинг сифатига аҳоли тўла ишонч билдирмади, ички бозорда қиммат бўлса ҳам хорижникига талаб юқори бўлиб тураверди. Сўнгги етти йилда соҳага 1 миллиард доллар инвестиция киритилди. 762 та корхона ишга туширилиб, 45 турдаги янги маҳсулот тайёрлаш йўлга қўйилди. Қайсидир корхонада ҳар 15 сонияда битта музлаткич тайёр бўлиши ҳам лоф эмас, ишонаверинг...”. Мақолани, албатта, ўқинг. “Ёшлик ортга қайтса эди...”, “Яқинларимни соғинаман, аммо болалар меҳри шу қишлоқда қолишга ундайверади” каби мақолаларда муаллим ва унинг нурли қисмати ҳақида...
“Халқ сўзи”да ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 26 сентябрь куни Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Сиёсий-юридик комиссияси котиби Чэнь Вэньцин бошчилигидаги делегацияни қабул қилгани, таълим, туризм ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишганига оид шарҳ, хабар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Восит Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази жамоасига табриги, шунингдек, “Академик В.Воҳидоа номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг 50 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилинган. Газета орқали Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастури ҳақида “Фаровонликка хизмат қиладиган дастур” саҳифаси билан танишасиз. “Инсон саломатлигига қонуний кафолат”, “Замонавий билмлар ва янгича дунёқараш маскани” каби мақолаларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўз аксини топган.
“Jadid”нинг бугунги сонида жиддий материаллар кўп. ЎзФА академиги, Ўзбекистон ислом академияси профессори Нурислом Тўхлиевнинг “Туркий мерос ва туризм” мақоласини, албатта, ўқинг. Унда туркий дунёнинг глобал аҳамияти, унинг Европа ва Осиёни боғловчи геосиёсий мавқеи, шунингдек, Марказий Осиё, Кавказ ва Шарқий Европада барқарорлик ва ҳамкорликни таъминлашдаги роли ҳақида сўз боради. “Шарафли мақом”, “Муаллим Шакурий изтироблари”, “Китобга отилган ўқ”, “Уят”, “Адибдан қолган эртаклар манзили” каби мақолаларда ўзликни англашга даъват, инсон ва унинг қалбига хитоб, ҳаёт ҳақиқатлари, олам ва одам уйғунлиги акс этган.
“Adolat”нинг бугунги сони устоз ва мураббийларга бағишланган “Ўқитувчи обрўси – миллатнинг шаъни” саҳифаси билан бошланади. Унда Ўзбекистон “Адолат” СПД Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудованинг Самарқанд давлат чет тиллари институтида самарқандлик таълим соҳаси вакиллари, педагоглар билан учрашуви ҳақида сўз боради. “Халқчил ғояларни илгари сурамиз”, “Адолатчилар” юксак мақсадлар билан сиёсий майдонда”, “Болаларимиз ҳаётига дахл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!” “Марказий Осиёдаги ҳамкорлик танлов эмас, балки объектив зарурат”, “Қорақалпоғистон: ташвиқот тадбирлари бошланди” саҳифалари сайлов жараёнларига бағишланади.
“Vatanparvar” – ёшлар қалбига хитоб қилгувчи, Юрт, Ватанни севишга чорловчи газета. Газетанинг бугунги сони “Таъзимлар-у, ташаккурлар сизга, устоз!” шеъри билан бошланади. “Вазифалар турлича, масад эса битта”, “Ватанга садоқатнинг ўлмас тимсоли”, “Бир ҳовуч дуо билан эслаб...”, “Фидойи устоз, ҳарбий шифокор”, “Хабарчи қушлар йигирма биринчи асрда”, “Кул боган чўғлар” каби мақолаларда Ватанга муҳаббат туйғулари устувор.
Бугунги газеталарни ўқинг.
ЎзА