
Бугун, 3 апрель куни Саудия Арабистонида футбол бўйича U17 ёш тоифасида Осиё кубоги старт олади ва мазкур мусобақа 20 апрель кунига қадар давом этади.

Чемпионат 3-27 ноябрь кунлари Қатарда бўлиб ўтадиган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига саралаш вазифасини ҳам ўтаб беради. Осиё чемпионатининг энг яхши 8 та жамоаси 2025 йилги ўсмирлар ўртасидаги мундиалга йўл олади.
Мазкур мусобақада Ислом Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси "А" гуруҳида мезбон Саудия Арабистони, Таиланд ва Хитой термалари билан рақобатлашади. Бугун, Ўзбекистон U17 терма жамоаси илк ўйинини Таиландга қарши ўтказади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 20:00да старт олади.
Дарвоқе, ўйинда футболчиларимиз тўлиқ оқ либосда, дарвозабонимиз эса яшил либосда ҳаракатланади. Таиланд терма жамоаси тўқ кўк футбол либосида майдонга тушади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА