Бухоро вилояти Қоракўл далаларида яна бир ҳаётбахш жараён бошланди. Ерга қадаб қўйилган ҳар бир дон, аслида, юртимиз ризқ-рўзининг, элимиз дастурхони тўкинлигининг рамзи.
Туманнинг “Худайбек Бобур Ғаллакор” фермер хўжалигида келгуси йил ғалла экишга тайёргарлик ишларига бағишланган кўргазмали ўқув-амалий семинари ўтказилди. Тадбирда сўзга чиққанлар, буғдой экишнинг айнан ҳозирги палладаги фойдалари ҳақида тўхталди. Уруғ сепишда минерал ўғитлардан оқилона фойдаланиш, агротехник тадбирларни тўғри қўллаш ҳосил ҳажми ва сифатини белгилашини алоҳида таъкидлашди.


– Бугун тупроққа қадаб қўйилаётган ҳар бир дон эртанги дастурхонимизнинг баракати, халқимизнинг роҳат-фароғати демакдир. Айниқса, замонавий агротехнологиялар асосида экилаётган янги, юқори ҳосилдор хорижий ва маҳаллий навлар келгуси йил ҳосилини янада мўл-кўл қилади, – дейди туман ҳокими Хуршид Тоҳиров.


Дарҳақиқат, бу йилги экинларда маҳаллий шароитга мослаштирилган, қурғоқчиликка чидамли навлар ҳамда ҳосилдорлиги юқори хорижий навлар уйғунликда экилмоқда. Бу эса нафақат ҳосил сифатини оширади, балки мўл-кўл ҳосил кафолатини ҳам беради. 2026 йил ҳосили учун туманда 6000 гектардан ортиқ майдонда 247 та фермер хўжалиги томонидан ғалла экиш режа қилинган. Шу тариқа, семинар доирасида илк донлар тупроққа қадаб, туманда ғалла экишга старт берилди.
Зариф Комилов, ЎзА