Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Исмоил Маҳмуд Марғилонийнинг «Бу дам фасли ҳидоятдир» номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Китобда муаллиф шеъриятнинг ўндан ортиқ жанридан муваффақиятли фойдаланган.
– Қуръон ва Ҳадислардан таъсирланиб ёзилган байтлар ўқувчига ўзгача руҳият бағишлайди, – деди моҳир ижодкор, таржимон Сайфиддин Сайфуллоҳ. – Китобда иймон, тавба, ота-онага, устозларга ҳурмат, уларнинг дуосини олишдек миллий қадриятларимиз ғоят чиройли тарзда ифода этилган. Туркий шеъриятда энг кўп мурожаат этиладиган жанрлар қамраб олинган.

– Китобимнинг тақдимоти шундай ҳидоятли кунларда ўтаётганидан жуда мамнунман, – деди муаллиф Исмоил Маҳмуд Марғилоний. –Бундай учрашувлар китобхонлар фикрини ўрганишда, келгусидаги ижодий вазифаларни белгилашда жуда муҳимдир.
«Бу дам фасли ҳидоятдир» китоби "Адабиёт" нашриётида чоп этилган бўлиб, унга устоз ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид масъул муҳаррирлик қилган. Мазкур китоб девон шаклида тартибга келтирилгани билан аҳамиятлидир.
Тақдимот маросими мумтоз ашулалар, мақом намуналари ижроси билан янада файзли ўтди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири