Сирдарё дарёсида электр қармоқ ёрдамида балиқ овлаётган уч нафар фуқаро ашёвий далиллар билан ушланди. Улар овлаган 36 дона балиқ орасида Қизил китобга киритилган Туркистон мўйлабдор (усач) ҳам борлиги аниқланди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги назорат инспекциясининг Сирдарё сув ҳавзаси тезкор ходимлари вилоят Экология бошқармаси, ИИБ, ДХХ, Прокуратура ва Миллий гвардия ҳамкорлигида ўтказган тадбир давомида қонунбузарлар Гулистон туманидаги “Теракзор” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё қисмида қўлга олинди.

Ноқонуний ов туфайли табиатга етказилган зарар 694 миллион 220 минг сўм деб баҳоланди. Ашёвий далил сифатида ноқонуний балиқ овловчилардан резина қайиқ, электр қармоқ, аккумуляторлар, ёритгич ва ушланган балиқлар олиб қўйилди.

Ҳолат юзасидан ҳужжатлар Сирдарё вилояти прокуратурасига юборилди. Масъул идоралар браконьерликка қарши кураш қатъий давом эттирилишини маълум қилишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири