Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан аёл ходималар фаолият юритаётган чегара божхона постларида хизмат интизоми ва меҳнат муҳитига оид муҳим масалаларни атрофлича ўрганиш мақсадида профилактик учрашувлар ташкил этилди. Хусусан, “Бухоро аэропорти” ҳамда “Олот” чегара божхона постларида ўтказилган мазкур учрашувлар давомида аёл ходималар учун яратилган шарт-шароитлар, уларнинг хизматдаги ҳолати ҳамда интизомий муҳит атрофлича таҳлил қилинди.
Тадбир чоғида чегара божхона постларида хизмат олиб бораётган аёл ходималарнинг давлатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш борасидаги масъулияти, уларнинг божхона қонунчилигига амал қилиши ва қонунбузарликларнинг олдини олишдаги фаоллиги алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, ходималарнинг хизмат интизомига риоя қилиш, коррупцияга қарши муросасиз бўлиш ва юклатилган вазифаларга сидқидилдан ёндашиш лозимлиги юзасидан зарурий тавсиялар берилди. Учрашув давомида ҳар бир ходиманинг ҳалоллик, ватанпарварлик ва масъулият туйғуларига асосланган фаолияти бугунги кундаги божхона тизими учун нақадар муҳим экани таъкидланди.

Мазкур профилактик тадбирлар тизимли тарзда давом этиши режалаштирилган бўлиб, соғлом жамоавий муҳитни шакллантириш ҳамда гендер тенгликни амалда таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.