
Жорий йил 25 мартда “Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш ва божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2025 йилда божхона соҳасини ривожлантириш мақсадида соҳага сунъий интеллект технологиялари жорий этилади, божхона органлари ахборот тизимлари такомиллаштирилади ва самарадорлиги оширилади, божхона органлари ташкилий тузилмалари оптималлаштирилади.
Божхона қўмитаси тизимида Божхона расмийлаштируви маркази ташкил этилади. Бунда ҳудудий бошқармаларнинг масофавий электрон декларациялаш божхона постлари босқичма-босқич тугатилади. Божхона қўмитаси таркибида божхона соҳасига сунъий интеллект технологияларини жорий этишга ихтисослашган тузилма ташкил этилади.
Тузилма сунъий интеллект технологиялари соҳасида илғор хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиш, божхона назорати ва расмийлаштирувини қамраб олган сунъий интеллект технологияларини тадқиқ қилиш, уларнинг самарали ишлашини таъминлаш ҳамда доимий тарзда сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш чораларини кўрилади. Божхона соҳасига сунъий интеллект технологияларини жорий этишга ихтисослашган Божхона қўмитасининг Ахборот-коммуникация технологиялари ва киберхавфсизликни таъминлаш бошқармаси таркибида “Сунъий интеллект технологияларини тадқиқот этиш бўлими”ташкил этилади.
Бўлим божхона органларида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳа менежери ҳисобланади. Сунъий интеллект технологиялари соҳасида илғор хорижий давлатлар тажрибалари ўрганиш бўлимнинг асосий вазифасидир. Божхона назорати ва расмийлаштирувини қамраб олган сунъий интеллект технологияларини тадқиқот қилиш, уларнинг самарали ишлашини таъминлаш ҳамда доимий тарзда сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш чоралари кўрилади.
Ушбу йўналишда маҳаллий ва халқаро мутахассислар ҳамда илғор хорижий давлатлар билан илмий ва амалий тажриба алмашиш бўйича ҳамкорлик қилиш, сунъий интеллект технологияларини синовдан ўтказиш ва амалиётга жорий этиш белгиланди. Божхона соҳасига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва такомиллаштириш мақсадида Божхона қўмитаси раисининг сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА