Давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йилнинг бошида илгари сурилган ташаббус асосида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида биттадан мактаблар божхона органлари томонидан оталиққа олинган бўлиб, уларда таълим олаётган ёшларни миллий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятига қизиқишини ҳозирдан шакллантириш мақсадида “Ёш божхоначи” тўгараклари иш бошлаган эди.
Ўқув йили давомида тўгарак доирасида ташкил этилган назарий ўқув машғулотлари божхона постларига чиққан ҳолда амалий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда. Ушбу мактабнинг бир гуруҳ ёшлари учун “Нукус-аэропорт” чегара божхона постида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилиб, унда ўқувчи ёшлар мазкур пост фаолияти, божхона чегаралари орқали ҳаракатланиш тартиботлари билан танишди.

Божхона назорати ва божхона расмийлаштируви бўйича ўқув машғулотлари давомида берилган назарий билимлар, божхона постидаги назорат техник воситалари, ахборот дастурларидан фойдаланиш истиқболларини амалий кўрган ўқувчилар учун катта кўникмага айланди. Асосийси бу ташриф уларнинг божхона органлари фаолияти ҳақида таассуротлари ошишига хизмат қилди.
Халқаро аэропортларда божхона назоратининг амалга оширилиши, “қизил” ва “яшил” йўлаклар аҳамияти, сканер қурилмаларининг имкониятлари, таҳлил қилиш қобилиятлари ҳақида тушунчаларга эга бўлган ўқувчилар, сайёр ўқув машғулоти давомида ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.Айниқса, амалий ўқув жараёнида профайлинг йўналишида олинган кўникмаларни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган мусобақа-ўйинида ўқувчилар катта қизиқиш ва фаоллик билан иштирок этиб, божхона соҳасининг кенг қамровли фаолиятини ҳис қилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.