Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш баробарида божхона чегаралари орқали ҳаракатланаётган товар-моддий бойликларнинг божхона назоратини амалга ошириш, ноқонуний маҳсулотлар кириб келишининг олдини олиш, юртимиз экспорт салоҳиятини ошириш ва импортни оптималлаштиришда тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишларга баҳо беришга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи З.Турдалиев ва бошқаларнинг таъкидлаганидек, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этилиши натижасида, бугун божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлиги ортиб, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларининг соддалаштирилиши, уларга кетадиган вақтнинг қисқариши билан бир қаторда, сифат даражасининг ортишига замин яратилмоқда. Хусусан, божхона қўмитаси томонидан амалиётга татбиқ этилган 40 дан ортиқ интерактив хизмат орқали жисмоний ва юридик шахслар соҳага оид очиқ маълумот ва хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилган.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан жорий йилда қиймати 53,2 миллион АҚШ долларидан ортиқ маҳсулот экспорт божхона режимига расмийлаштирилди. Умумий қиймати 124,1 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи республика ташқи савдо айланмасининг 42,8 фоизи товарлар экспортига тўғри келади.
[gallery-22476]
Республика ҳудудидан асосан полиэтилен, кимё саноати, ип-калава, фармацевтика маҳсулотлари, тирик ҳайвонлар ва уларнинг қисмлари, озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотлари, жун, мўйна, тери ва улардан ясалган буюмлар, тўқимачилик маҳсулотлари, шиша ва ундан ясалган буюмлар, табиий қазилмалар, электротехника ва унинг қисмлари ҳамда ёғоч ва тахта, улардан ясалган маҳсулотлар дунёнинг Туркия, Хитой, Россия, Латвия, Қозоғистон, Афғонистон, Бирлашган Қироллик, Литва каби давлатларга экспорт қилинди. Технологик асбоб-ускуналар, металлар ва улардан тайёрланган буюмлар, электротехника ва унинг қисмлари, ёғоч ва тахта, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари ҳамда нефть ва нефть маҳсулотлари, тош, керамика ва шиша буюмлари, қоғоз ва ундан ясалган буюмлар каби умумий қиймати 70,9 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот бошқарма томонидан импорт божхона режимига расмийлаштирилди.
Шунингдек, 2025 йил бошидан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан божхона органларининг ўз фискал вазифаларини амалга ошириш доирасида божхона тўловларидан 96 миллиард 344 миллион сўм пул маблағи давлат бюджетига ўтказилиши таъминланди.
Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш орқали экспорт ҳажмини ошириш ва импортни оптималлаштириш йўлида қабул қилинган қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, божхона органлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига жами 102 миллиард 473 миллион сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёз қўлланилди. Бу эса олдинги йилнинг мос даврига нисбатан тадбиркорлик субъектларига ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун берилган имтиёзларнинг 25 миллиард 196 миллион сўмга ёки 3 фоизга ортганлигидан далолат беради.
2025 йилнинг январь-февраль ойлари давомида бошқарма томонидан жами 2 минг 197 та, шундан “яшил” йўлак орқали – 713 та (32,5 фоиз), “сариқ” йўлак орқали – 1 минг 40 та (47,3 фоиз), “қизил” йўлак орқали – 444 та (20,2 фоиз) божхона юк декларацияси расмийлаштирилган. Яъни, божхона соҳасига илғор инновацион дастурларнинг жорий этилиши натижасида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси тасарруфидаги ташқи иқтисодий фаолият ва Масофавий электрон декларациялаш божхона постлари орқали божхона назоратига тақдим этилган ва “яшил йўлак”ка йўналтирилган 32,5 фоиз товарга нисбатан божхона расмийлаштируви жараёнлари амалга оширилмади. Бунинг натижасида эса, ҳалол тадбиркорлик субъектлари қўллаб-қувватланиб, товарларнинг ўз манзилига тез фурсатларда етказилиши таъминланди.
Коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишлар ҳам божхона органлари фаолиятида тизимли амалга оширилмоқда. Божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларида очиқлик ва шаффофликнинг таъминланиши тизимга жорий этилган замонавий ахборот тизимлар фаолияти натижасида инсон омилининг минималлаштирилиши ҳисобига юз бермоқда.
Ҳодимларнинг ишга қабул қилишда расмий веб сайт орқали рўйхатдан ўтган номзодларнинг саралаш босқичлари бутун республика бўйича бир вақтда видеоконференцалоқа тизимида ташкил этилиши, тест жавобларининг тизим орқали онлайн чиқариб берилиши, буларнинг барчаси бугун бутун божхона тизимининг рақамлашганлигидан ҳамда унинг коррупциядан ҳоли тизимга айланишидаги муҳим қадамларидан саналади.
Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА