
Сурхондарё вилоятидаги “Сурхон” давлат қўриқхонаси 15 апрель – Халқаро экологик билимлар куни муносабати билан Бойсун туманидаги 49-умумтаълим мактабида ёшлар ўртасида “Табиат билан ҳамнафас” номли экологик мусобақа ўтказди.
Сайёрамизнинг кўплаб давлатларида 15 апрель – Халқаро экологик билимлар куни сифатида нишонланади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1992 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган конференциясида атроф-муҳит муаммолари муҳокама этилиб, 15 апрелни инсониятнинг ҳаёти ва барқарорлиги учун бутун дунё аҳолиси ўртасида экологик билимни тарғиб этиш мақсадида нишонлаш таклиф этилган.


Сана муносабати билан табиат қўриқчилари Бойсун туманида ташкил этган тадбир иштирокчилари ҳам дастлаб атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ёввойи табиатни асраб-авайлаш ва экологик барқарорликни таъминлаш юзасидан қўриқхонада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида етарли маълумотга эга бўлди. Билим ва тасаввурларини бойитди.


– Она табиат келажаги ёш авлоднинг экологик маданиятига боғлиқ. Шу маънода биз ўқувчиларга қўриқхонанинг ноёб флора ва фаунаси ҳамда уларни сақлаб қолиш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот бердик, – дейди “Сурхон” давлат қўриқхонаси директори Рустам Турдиев. – Дунёда теварак-атроф муҳофазаси муҳим масалалардан бирига айланган бизнинг давримизда ҳар бир шахс яшаш жойининг экологияси учун ёшликдан масъулият туйғусини ҳис этиб улғайиши, она табиатга меҳр-муҳаббат, ғамхўрлик руҳида камол топиши лозим. Тадбир баҳонасида ўқувчиларни қизиқтирган саволларга ҳам жавоб бериб, уларнинг экологияга оид билимларини синовдан ўтказдик.
Тадбирда фаол иштирок этган табиатсеварлар эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири