
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишнинг ташкилий-профилактик асосларини замон талабларига мослаштириш зарурлиги қайд этилган.
Содир этилаётган қонунбузилишларининг асл омилларини ўз вақтида аниқлаш ва комплекс чора-тадбирлар билан уларни манзилли бартараф этиш орқали жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш долзарб вазифа сифатида белгиланди.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тегишли ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда изчил ишларни амалга оширмоқда.
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида шу ҳақда гап борди. Қарор ижросининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Наманган вилоятида қандай ижро этилаётгани танқидий муҳокама қилинди. Йўл қўйилаётган камчиликлар ҳамда криминоген вазият аҳволи кўриб чиқилди.

Қарор билан тасдиқланган дастур ижроси ва мақсадли кўрсаткичларни ўз вақтида сифатли таъминлаш, “намунали хавфсиз йўлак” ва “намунали хавфсиз кўча”ларни ташкил этиш, маҳаллаларни тўлиқ видеокузатув билан қамраб олиш, пробация ҳисобида турган шахсларнинг ижтимоий муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, “маҳалла еттилиги” томонидан “ижтимоий профилактика” тамойили асосида фаолиятни янада жадаллаштириш, ҳар бир “қизил” ва “сариқ” тоифадаги маҳаллалар бўйича манзилли ишлаш юзасидан қатор топшириқлар берилиб, ушбу йўналишни қатъий назоратга олиш бўйича аниқ талаблар қўйилди.
Йиғилишда жиноятлар салмоғи юқори бўлган Наманган ва Нукус шаҳарлари ҳамда Давлатобод ва Амударё туманлари прокурорлари, ИИБ бошлиқларининг бу борадаги фаолиятлари танқидий муҳокама қилинди. Уларга “маҳалла еттилиги”, ижтимоий профилактикага масъул идоралар фаолияти устидан кунлик назоратни кучайтириш, ижтимоий профилактика тизимининг субъектлари томонидан жиноятлар содир этилишининг барвақт олдини олиш юзасидан топшириқлар берилди. Қайд этилган камчиликлар юзасидан масъулларнинг тушунтириш ва изоҳлари эшитилди.
Бош прокуратуранинг тегишли бошқарма бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, Республика идоралараро мувофиқлаштириш штабининг доимий ишчи гуруҳи аъзолари, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари А.Раҳматуллаев, вазирликнинг департаментлари, бошқармалари, навбатчилик қисми масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Наманган вилояти прокурорлари, ИИБ бошлиқлари ҳамда уларнинг соҳавий ўринбосарлари, прокуратура органлари, қарор ижросига масъул бўлган вазирлик ва идораларнинг раҳбар ходимлари, ҳудудий штаб ва ишчи гуруҳи аъзолари иштирок этган йиғилиш якунида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича чоралар кўрилди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Наманган вилояти масъул раҳбарларига 5 кун муддатда Бош прокуратурага ахборот бериш талаб этилди. Қарорларда белгиланган вазифаларни муддатида сифатли таъминлаш юзасидан бир қатор топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Бу борадаги тадбирлар давом эттирилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА