Бош прокуратурада давлат мактабгача таълим ташкилотларида болаларни соғлом ва хавфсиз овқатлантиришни ташкил этиш бўйича Республика штабининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари, Республика штаби раҳбари Баҳриддин Валиев раҳбарлигида ўтган видеоселектор тарзида ўтказилган мазкур йиғилишда Мактабгача ва мактаб таълими, Соғлиқни сақлаш, Иқтисодиёт ва молия, Адлия, Рақамли технологиялар вазирликлари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмиталарининг масъул раҳбарлари, Тошкент тиббиёт университети, Бизнес омбудсман вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг соҳавий ўринбосарлари, соҳа мутахассисларидан иборат Республика штаби ва ҳудудий ишчи гуруҳи аъзолари, туман-шаҳар прокурорлари иштирок этди.

Йиғилишда Республика штаби ва ҳудудий ишчи гуруҳлари томонидан ўтказилган ўрганишларда давлат мактабгача таълим муассасаларида болаларни овқатлантириш борасида аниқланган тизимли хато ва камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, вазирлик ва идора раҳбарларининг тушунтириш ва изоҳлари эшитилди.
Давлат мактабгача таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш борасида белгиланган устувор топшириқлар ижроси ва кўрилиши лозим бўлган чоралар хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирликларига 5 кун муддатда давлат мактабгача таълим ташкилотларига олиб келинаётган барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, вазни, таркибининг таомномага мувофиқлигини назорат қилиш учун бевосита масъул бўлган тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва сертификат берилишини ташкил этиш хусусида мутасадди идоралар раҳбарларига қатор топшириқлар берилди.
Йиғилиш натижаси бўйича тегишли қарор қабул қилиниб, ижрога қаратилди.
Н.Абдураимова, ЎзА