Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бўш ерлар – фаровонлик манбаи

Жиззах вилоятининг чўл туманлари ҳудудида кўп қаватли уйлар атрофидаги бўш ер майдонларидан самарали фойдаланиш борасида амалий ишлар изчил йўлга қўйилмоқда. Айни пайтда Арнасой тумани маҳаллаларида замонавий, енгил конструкцияли ва ихчам пиллахоналар барпо этиш ишлари жадал давом этмоқда.

Лойиҳа доирасида қурилаётган ҳар бир пиллахона 10х20 метр ўлчамга эга бўлиб, умумий майдони 200 квадрат метрни ташкил этади. Мазкур иншоотлар пиллачилик мавсумида қурт боқиш жараёнини самарали ташкил этишга хизмат қилади. Мутахассислар фикрича, замонавий ва қулай шароит яратилиши пилла ҳосилдорлигини ошириш, меҳнат унумдорлигини юксалтириш ҳамда маҳсулот сифатини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Маълумки, юртимизда пиллачилик қишлоқ хўжалигининг стратегик тармоқларидан бири сифатида ривожлантирилмоқда. Сўнгги йилларда соҳани модернизация қилиш, янги иш ўринлари яратиш, экспорт салоҳиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Арнасой туманида амалга оширилаётган мазкур ташаббус ана шу кенг қамровли ислоҳотларнинг амалдаги ифодаси сифатида аҳамият касб этмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, пиллахоналардан фақат мавсумий мақсадларда эмас, балки йил давомида самарали фойдаланиш кўзда тутилган. Мавсумдан ташқари даврда ушбу масканлар аҳолининг турли маросим ва тадбирларини ўтказиш учун қулай ижтимоий ҳудуд вазифасини бажаради. Бу эса инфратузилмадан оқилона фойдаланиш, маҳаллаларда ижтимоий фаолликни оширишга хизмат қилади.

Ташаббус натижасида мавсумий иш ўринлари яратилмоқда, аҳоли бандлиги таъминланиб, хонадонлар даромади ортишига замин яратилмоқда. Энг муҳими, кўп қаватли уйлар атрофидаги бўш ва қаровсиз ер майдонлари обод масканга айланиб, ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий салоҳияти мустаҳкамланмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ихчам ва кўп функцияли иншоотлар барпо этиш каби ёндашувлар ҳудудлар тараққиётида самарали механизмга айланмоқда. Арнасойдаги пиллахоналар эса ана шундай ташаббусларнинг ёрқин намунаси сифатида эътироф этишга арзийди.

А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари