Пойтахтимиздаги “InterContinental Tashkent” меҳмонхонасида “Ўзбекистон, Озарбайжон ва Европа: умумий тараққиёт йўлида ҳамкорлик” мавзусида юқори даражали учрашув давом этмоқда.
ЎзА мухбири конференцияда иштирок этаётган Болгария Республикасининг собиқ (1997-2002 йиллар) Президенти Пётр Стоянов билан қисқа суҳбат уюштирди.
– Жаноб Стоянов, тажрибали сиёсатчи сифатида мазкур анжуманнинг аҳамияти нимада, деб ўйлайсиз?
– Бу жуда муҳим воқелик. Зеро, Тошкентда кўплаб собиқ давлат раҳбарлари, Бош вазирлар, минтақавий сиёсий арбоблар тўплангани бежиз эмас.
Табиийки, анжуман доирасида кечаётган мулоқотлар халқаро ҳамжамият, жумладан мамлакатингиз учун ҳам фойдали. Ваҳоланки, янада кенгроқ алоқа ўрнатиш, фикр алмашиш, ҳамкорликни мустаҳкамлашда шундай тадбирларнинг ўрни алоҳида.
– Сессияларда нечоғли долзарб масалалар кўтариляпти?
– Дунёнинг турли бурчакларидан келган делегатлар, жумладан, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи учун жиддий таҳдидга айланаётган глобал иқлим ўзгариши, сув ресурслари, энергетика хавфсизлиги ва барқарор қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ масалалар хусусида фикр алмашяпти.
Қайд этиш жоиз, бугунги кунда Марказий Осиё глобал иқтисодий ҳамкорлик занжиридаги энг муҳим халқалардан бирига айланмоқда. Бошқача айтганда, Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган стратегик транспорт-логистика ва энергетика тармоғи сифатидаги ролини янада мустаҳкамламоқда.
Яна бир гап: ҳозирги глобаллашув даврида Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистоннинг ўрни алоҳида. Болгария – менинг мамлакатим, Европа Иттифоқининг бир қисми. Биз минтақа билан илиқ муносабат ўрнатишдан манфаатдормиз.
– Европа вакили сифатида Ўзбекистоннинг бошқа минтақалар қатори ЕИ таркибидаги давлатлар билан интеграциялашув борасидаги ташаббусларини қандай баҳолайсиз?
– Фикримча, бу ажойиб ташаббус. Сабаби Тошкентнинг ташқи сиёсати тинчликсевар, дўстона тамойиллар асосига қурилган. Демак, яқин алоқаларни мустаҳкамлаш ҳар икки томон учун жуда зарур, деб ўйлайман.
Мамлакатингизга илк бор 28 йил аввал келгандим. Орадан шунча йил ўтиб, Тошкентга разм соларканман, пойтахт таниб бўлмас даражада ўзгариб кетганига гувоҳ бўлдим. Ҳар бир кўча обод, шаҳар замонавийлашган. Жуда кўп ижобий ўзгаришларни кўрдим.
– Мамлакатларимиз ўртасида қандайдир янги лойиҳалар бўйича режалар борми?
– Айни пайт сиёсат учун масъул эмасман, лекин муносабатларимиз ривожланиб бораётганидан мамнунман. Болгариянинг амалдаги Президенти Ўзбекистонга ташриф буюриши юртдошларимни бефарқ қолдирмайди. Менга эса мамлакатингиз жуда ёқади. Эътибор учун катта раҳмат!
Ўткир Алимов суҳбатлашди.
Суратни Аслиддин Али олган.
ЎзА