Самарқанд давлат тиббиёт университетида “Самарқанд-2020” тиббиёт олий ўқув юртлари талабаларининг VI xалқаро олимпиадаси ўтказилди. Университет ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган мазкур нуфузли мусобақа нафақат талабалар ва ёш тадқиқотчиларнинг билим ва малакаларини синовдан ўтказиш ва уларни муносиб тақдирлашга, балки тиббий таълимда халқаро муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Юқори савияда ташкил этилган олимпиадада юртимиз ҳамда Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Жанубий Корея, Тожикистон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Беларусь каби ўттиздан ортиқ давлатларнинг олтмишдан зиёд тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари, шунингдек, ректорлари ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирок этди.
Олимпиаданинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев ҳамда бир қатор хорижий тиббиёт олий ўқув юртлари ректорлари олтинчи марта ташкил этилаётган халқаро мусобақанинг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, барча иштирокчиларга омадлар тилади.
Ўзбек, рус ва инглиз тилларида ўтказилган халқаро олимпиаданинг асосий қисмида иштирокчилар 43 йўналиш бўйича тест синовлари ва амалий кўникмаларини намойиш этиш орқали беллашдилар. Шу билан бир қаторда талабалар жаҳон стандартларига жавоб берувчи 7-авлод симулиацион роботлари орқали ўз амалий кўникмаларини синовдан ўтказдилар. Олимпиада доирасида Ўзбекистоннинг Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми ва хорижий тиббиёт коллежларининг ўқувчилари ўртасида ҳам халқаро олимпиада уюштирилди.
Шунингдек, талабалар учун чет эллик ва юртимизнинг етакчи мутахассислари томонидан замонавий тиббиётда фундаментал фанлар, илмий тадқиқот усуллари ва бошқа долзарб масалаларга бағишланган маҳорат дарслари, бакалавр, магистр ҳамда клиник ординаторлар учун ректорларнинг маърузалари ҳам ташкил этилди.
[gallery-26621]
Олимпиада доирасида талабалар учун стартап лойиҳалари танлови, ёш олимлар тўгараклари ҳамда турли спорт мусобақалари ўтказилди.
Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳамда Туркиянинг етакчи олий ўқув юртларидан бири бўлган Соғлиқ билимлари университети ўртасидаги ҳамкорлик асосида ташкил этилган қўшма таълим дастури доирасида биринчи босқичда таҳсил олаётган талабаларга “Оқ халат кийдириш маросими” ўтказилди.
Бундан ташқари, Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузурида хорижий тилларни ўқитишга мослашган "Тил академияси" марказининг тантанали очилиш маросими ташкил этилиб, унинг фаолияти ҳақида маълумотлар берилди.
Мазкур марказ дунё тилларини ўрганиш баробарида тиббиёт ходимлари учун ушбу тилларда ўз касбий фаолияини профессионал тарзда олиб бориши учун имкон яратади.
Олимпиаданинг ёпилиш маросимида ғолиб ва совриндорлар, фаол иштирок этган ва номинациялар бўйича ғолиб деб топилган иштирокчилар диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА