Хоразмда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан болалар орасида самарали овқатланиш бўйича “Қадамларимиз” лойиҳасига старт берилди.
Эндиликда вилоятда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг тавсиялари асосида мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларида “Қадамларимиз” соғлом овқатланиш лойиҳаси амалга оширилади.
Урганч шаҳридаги ихисослаштирилган мактабда Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда лойиҳа тақдимоти ўтказилди.
[gallery-26215]
Унда шаҳардаги мактабгача таълим ташкилотлари ҳамширалари, мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди. Йиғилганларга Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Бикажон Матжонова лойиҳанинг мақсадлари ва кутилаётган натижалар ҳақида гапириб берди.
— Бу лойиҳа вилоятимизда болалар орасида соғлом овқатланиш маданиятини ривожлантиришга қаратилган, — деди Б.Матжонова. —Асосий мақсадимиз мактаб ва мактабгача таълим муассасаларидаги болаларни тўғри овқатланиш одатларига ўргатиш, уларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришдир. Болалик даври инсон ҳаётидаги энг масъулиятли босқич. Бу вақтда тананинг ўсиши ва ривожланиши учун тўғри овқатланиш жуда муҳим. Агар бола соғлом ва тўғри овқатланса, унинг таълимдаги фаоллиги, диққат марказлашуви ва умумий саломатлиги яхшиланади. Шу боис биз айнан болаларга йўналтирилган лойиҳа бошладик.
Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамширалари “Энергия манбаи учун углеводлар, липидлар”, “Тананинг ҳолатини яхшилаш учун витаминлар”, “Танани ҳосил қилиш учун оқсиллар, кальций” мавзуларида кўргазмали тақдимот қилдилар.
Тақдимот ўқувчиларда катта таассурот қолдирди ва ҳамшираларга жуда кўплаб саволлар берилди.
Ҳамшираларга ўзлари фаолият юритадиган муассасаларда ҳам шундай тақдимотлар ўтказиш, болалар орасида соғлом овқатланишни тарғиб қилиш тавсия этилди. Шунингдек, бундай тақдимотларни мунтазам ўтказишга келишиб олинди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари