Янги қонунчиликка асосан бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳлари таълим дастури мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида киритилиши ҳамда мактабгача таълим тизимида ўйинга асосланган таълим йўналиши жорий этилиши режалаштирилмоқда.
Хўш, болаларни мактабга тайёрловга қамраб олиш даражасини 100 фоизга етказиш учун ҳозирда қандай амалий ишлар бошланган?
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова маълумотларига кўра, 2022/2023 йилларда 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражасини 90 фоизга, 2024/2025 ўқув йили якунига қадар 100 фоизга етказиш белгиланган эди.
Аҳолининг кескин демографик ўсиши, шунингдек, мамлакатимиздаги янги ишлаб чиқариш объектларининг ишга туширилиши ҳамда хорижий давлатларда фаолият юритган фуқароларимизни ўз яшаш манзилларига қайтиши натижасида мактабгача таълим ташкилотлари қувватига нисбатан болалар сонининг ошиб кетиши мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини яратиш заруратини юзага келтирди.
Муқобил шакл сифатида Илк ривожланиш марказлари ва олис ҳудудларда эса “Ақлвой” мобил гуруҳлари ташкил этилмоқда.
Юқоридаги ўзгаришлар, хусусан, аҳоли сонининг кескин ўсиши инобатга олинган ҳолда 2030 йилгача болаларни мактабга тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олиш кўзда тутилган.
Белгиланган тартибга кўра, бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳлари умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида киритилди ва 2027-2028 ўқув йилидан бошлаб 6 ёшли болаларга мактабга тайёрловдан ўтганлик тўғрисида давлат намунасидаги электрон сертификат берилиши йўлга қўйилмоқда.
Бундан ташқари, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш учун жорий этилаётган имтиёзлар ҳам жойларда қўшимча ўринлар яратиш имконини беради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА