Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан 2025 йил 1 мартдан бошлаб тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич мамлакатимизнинг 7 та ҳудудида 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати ташкил этилиши белгиланган.
Ушбу эзгу ташаббус асосида Чиноз туманидаги “Йўл тушган” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам замонавий талаблар асосида кундузги парвариш маркази ташкил этилди. Бугунги кунда бу марказ ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш борасида самарали фаолият юритмоқда.

– Кундузги парваришга жалб этилган болаларда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Масалан, Асал исмли қизалоқ илгари сўзламаган бўлса-да, бугун у “гул”, “қуён”, “қуёш” каби сўзларни дадил талаффуз қила олади. Фирдавс эса ўйинчоқлардан уй ясаб ўйнашни ўрганди. Шукрона жисмоний машқларга, айниқса, гимнастикага катта қизиқиш билдираётгани қувонарли ҳол. Марказда ҳар бир боланинг ёши, имконияти ва ҳолатидан келиб чиқиб индивидуал режа асосида парвариш ва ривожлантириш ишлари олиб борилади, – дейди тарбиячи Дилрабо Мўминова.

Ижтимоий мослашув, реабилитация, таълимий ва маданий фаолиятлар уйғунлигида ташкил этилган ушбу хизмат болаларнинг ҳаёт сифатини оширишда муҳим роль ўйнамоқда. Бундай масканлар нафақат болаларга, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам катта имкониятлар эшигини очмоқда.

Илгари ногиронлиги бўлган фарзандининг парвариши билан банд бўлган, бироқ ишлашга интилиши бўлган оилалар энди ўз касбига қайтиш, моддий ва маънавий жиҳатдан мустаҳкамланиш имконига эга бўлмоқда. Тошкент вилоятининг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич кенгайтирилаётган ушбу хизмат тизими, жамиятимизда меҳр, эътибор ва инклюзивли тамойилларнинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.