20 ноябрь – Бутунжаҳон болалар куни
Бола — бу фақатгина уйдаги қувноқ овоз эмас, балки бутун оиланинг юрагидаги умид, ҳаётнинг энг гўзал неъмати. Унинг кўзларига қараб гўзал келажакни кўрасиз.
Шу боис юртимизда болаларга берилаётган эътибор бу - келажакка қўйилган энг катта сармоя, энг кучли асос. Чунки бола — миллатнинг эртаси, давлатнинг таянчи, жамиятнинг эркин ва теран фикрловчи авлоди. Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватланмоқда.
Бола қайси ҳудудда яшашидан, ота-онаси ким эканидан қатъи назар соғлом ўсиши, ўқиши, ўйнаши, иқтидорини ривожлантириши ва энг муҳими, хавфсиз муҳитда ҳаёт кечиришга ҳақли. Бу ҳуқуқлар қоғозда эмас, ҳаётнинг ўзида амалга ошиши учун юртимизда кўплаб дастурлар, ташкилотлар ва жамоатчилик тузилмалари фаол ишламоқда.
Аввало, Конституциямизда боланинг таълим олиш ҳуқуқи белгилаб қўйилган. Бу фақат қоғозда эмас, амалда ҳам ҳаётга татбиқ этилган. Ҳар ўқув йилида янги мактаблар қуриляпти, эскилари таъмирланмоқда, қишлоқларда ҳам замонавий IT синфлар очиляпти.
Бола ҳаётидаги энг муҳим жиҳатлардан яна бири уни зўравонликдан ҳимоя қилиш. Бунинг учун мактабларда психологлар фаолият юритади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тазйиқ ва зўравонликка қарши ишонч рақами айнан болалар ва аёлларга хизмат кўрсатади.
Масалан, бирон болага уйда ёки мактабда босим бўлса, боланинг ўзи ёки унинг ота-онаси шу рақамга қўнғироқ қилиб ёрдам сўрай олади. Бу ҳам ҳуқуқий кафолатнинг амалий кўриниши.
Боланинг ўйнаш, дам олиш ва қизиқишини ривожлантириш ҳуқуқи ҳам таъминланган. Айни пайтда ҳар бир вилоятда янги спорт майдонлари, болалар оромгоҳлари, кутубхоналар очиляпти. Масалан, Фарғонадаги кўплаб маҳаллаларда спорт майдончаси барпо этилгани болаларнинг жисмоний ривожланиш ҳуқуқини таъминлашда амалий қадамдир.
Юртимизда болалар хавфсизлиги ва саломатлиги учун ҳам алоҳида дастурлар ишлайди. Профилактик текширувлар, бепул эмлаш, оромгоҳлар, соғломлаштириш ишлари фарзандларимиз соғ-омон ва бахтли ўсиши учун хизмат қилади.
Ўзбекистонда болалар ҳуқуқи қонун билан кафолатланган бўлиши эҳтимол, лекин энг катта куч — бу ҳуқуқларни ҳаётга татбиқ этаётган ишлар, лойиҳалар ва халқимизнинг болага бўлган меҳри. Зеро, болага муҳаббат бор жойда, келажак мустаҳкам бўлади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА