Феруза Ваҳобова Наманган вилояти Чуст тумани “Садача Гўзал” маҳалласида истиқомат қилади. Арзимас сабаб билан турмуш ўртоғи билан ажрашиб кетади. Суднинг қарорига кўра, икки нафар боласи она қарамоғида қолади. Фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб таълим-тарбия бериб келмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман бўлими масъуллари фарзандларга Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб, хонадонга ташрифи уларни кемтик кўнгилларини тоғдек кўтарди. МИБ вилоят бошқармаси ташаббуси билан “Болаларга китоб беринг!” акцияси доирасида тумандаги тўққизта оила болажонларига китоблар жамланмаси туҳфа этилди.


– Биз каби оилаларнинг фарзандларига янги чоп этилган китоблар тўпламини совға қилишгани болажонларимизга байрам туҳфаси бўлди, – дейди Феруза Ваҳобова. – Ёзги таътилни мароқли ўтказишлари, китоб билан ошно бўлишида бу каби ташаббуслар учун раҳмат.


Дарҳақиқат, ушбу тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида давом этиб, Бюронинг Наманган шаҳри ва туманлар бўлимлари томонидан жами 150 та алимент олувчи хонадонга “Капитан грант болалари”, “Кичкина шаҳзода” ва “Дунё даҳолари” каби жаҳон адабиёти дурдоналаридан иборат китоблар ҳамда ўйинчоқлар тарқатилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА