Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида атоқли болалар шоири Қудрат Ҳикмат таваллудининг 100 йиллигига бағишланган адабий-маърифий анжуман ташкил этилди.
Анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиснинг ўринбосари Ғайрат Мажид мамлакатимизда болалар адабиётини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
– Бундай тадбирлар ёш китобхонларимиз учун жуда муҳимдир, – деди уюшманинг Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгаши раиси Ориф Тўхташ. – Қудрат Ҳикмат гарчи қисқа – 43 йил умр кечирган бўлса-да, лекин миллий адабиётимизда ўз сўзини қолдирган, унинг ривожига ҳисса қўшиб улгурган ижодкорлардан бири эди. Унинг шеърлари Қуддус Муҳаммадий, Зафар Диёр, Илёс Муслим сингари шоирларнинг ижоди каби бизнинг дарсликларимиздан ўрин олган эди. Қудрат Ҳикмат ижод йўлининг илк даврида Ойбек домланинг тавсиясига кўра, Ислом бахшига котиб бўлгани қаламкаш шеърларининг халқчиллиги, самимиятини таъминлади, десак янглишмаймиз.
Дарҳақиқат, Қудрат Ҳикмат шеърлари кўпчилигимизга болаликдан яхши таниш. Бу шеърлар болаларга хос завқ, қувноқлик, беғуборлик, оддийликка йўғрилгани билан қадрлидир.
Анжуманда таъкидланганидек, ХХ аср ўзбек болалар адабиётининг тараққиётига муносиб ҳисса қўшган ижодкорлардан бири шоир Қудрат Ҳикматдир. Манбаларда ёзилишича, у 1925 йили Тошкентнинг энг қадимги гўшаларидан бири Себзорда таваллуд топади. Онаси Муборак ая бу дунёни эрта тарк этган эди. (1934). Отаси оддий деҳқончилик, ҳунармандчилик билан шуғулланади. Бўлажак шоирнинг ўзи эса 1934 йилда ўрта мактабга кириб, уни 1944 йилда тугатади.
Қудрат Ҳикмат шоир сифатида мактаб деворий газеталарида кўрина бошлайди. Унга Қуддус Муҳаммадий, Ойбек каби устозлар меҳрибонлик кўрсатади. 1945 йилдан бошлаб Қудрат Ҳикмат шеърлари «Ленин учқуни», «Ёш ленинчи», «Қизил Ўзбекистон» газеталарида, «Гулхан», «Шарқ юлдузи» каби журналларда чоп этилади.
Қудрат Ҳикматнинг 1947 йилга келиб машҳур бахши Ислом шоир Назар ўғлига адабий котиб сифатида хизмат этиши ундаги шеъриятга бўлган интилишни янада камол топтиради. У болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган нашриётларда фаолият кўрсатади. 1957 йилда Тошкентдаги педагогика йўналишидаги олий таълим даргоҳини тамомлайди.
Биринчи шеърий тўплами «Менинг Ватаним» 1950 йилда нашр этилади. Шундан сўнг Қудрат Ҳикматнинг «Бахтли болалар», «Тинчлик – ободлик», «Москвага саёҳат», «Дўстлик», «Уч ўртоқнинг совғаси», «Набира меҳри», «Онахоним», «Алишер ва китоб», «Тошбақалар ҳужуми», «Соатжоннинг соати» каби ўнлаб шеърий гулдасталари ҳамда «Чирчиқ фарзанди» каби поэмаси ва бошқа асарлари яратилди.
Адабиётшунослар фикрича, Қудрат Ҳикмат қайси мавзуда, қайси жанрда қалам тебратмасин, энг муҳими, меҳнаткаш, ҳалол, топқир ва чопқир болалар дунёсини кашф этишга интилади. Шунингдек, дўстлик, тинчлик, ўзаро бирдамлик, она Ватанни севиш, уни ардоқлашга даъват этади. Унинг шеърларидаги болаларча самимийлик, беғуборлик ва тўғрилик шоир асарларининг ўқишли, қизиқарли бўлишини таъминлайди.
Қудрат Ҳикмат моҳир таржимон сифатида С.Маршак, С.Михалков, А.Сурков, М.Бажан, А.Барто каби атоқли адибларнинг болаларбоп шеърларини она тилимизга тажрима қилган.
Анжуманда Қудрат Ҳикмат ижоди хусусида батафсил сўз юритилди. Ўқувчилар томонидан шоирнинг ижод намуналаридан лавҳалар ўқилди.
Н.Усмонова, ЎзА