Самарқанд вилоятида бугунги кунда 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар қарийб 603 минг нафарни ташкил этади. Айни пайтда улар ёзги таътилга чиқиб, асосий вақтини оила бағрида ўтказмоқда. Эрта-индин юртимизнинг сўлим масканларидаги оромгоҳлар бу йилги мавсумни бошлагач, болажонлар бу жойларда мириқиб ҳордиқ чиқаришади.
Маълумотларга кўра, бу йил вилоятдаги 13 та соғломлаштириш оромгоҳида 8000 нафар болажоннинг 5 даврада дам олиши режалаштирилган. Шунингдек, вилоятдаги 57 та умумтаълим мактабида соғломлаштириш майдончалари ташкил этилиб, уларда 13 минг нафарга яқин ўқувчи қамраб олинади.

– Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 9 апрелдаги “2025 йил ёз мавсуми давомида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ишларига тайёргарлик кўриш ҳамда мавсумни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги йиғилиш баёнида берилган топшириқлар ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ижроия қўмитасининг шу йил 17 апрелдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида департамент тасарруфидаги 10 та болалар соғломлаштириш оромгоҳида зарур чора-тадбирлар амалга оширилди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Феруза Қиличева. – 10 июндан бошланадиган мавсум давомида бу масканларда 6860 нафар болажонларимиз дам олдирилади. Шу пайтгача барча оромгоҳлар ўрганилиб, бино ва иншоотларнинг ҳолатига қараб, таъмирлаш ва жиҳозлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. “Баҳора”, “Илм зиёси”, “Ёш астроном” ва “Қўшчинор” оромгоҳларида департамент томонидан молиялаштирилган ҳолда янги хожатхоналар қурилмоқда.

Бу йил оромгоҳларда ўтказиладиган барча маънавий-маърифий ва маданий-спорт тадбирлари 12 кунлик намунавий дастур асосида ўтказилади. Масалан, “Салом, оромгоҳ!” деб номланган биринчи кун болажонлар оромгоҳ билан таништирилади, сардорлар сайланиб, гуруҳлар номланади. Кечқурун “Салом оромгоҳ” танишув-мусиқий дастури ўтказилади. Кейинги кунлар “Болалар фестивали куни”, “Ҳарбий ватанпарварлик куни”, “Миллий қадриятлар куни”, “Ижод ва истеъдод куни”, “Она табиатни асраш куни”, “Моҳир қўллар – касб-ҳунар куни”, “Спорт ва саломатлик куни”, “Миллатлар дўстлиги”, “Туризм ва ўлкашунослик куни” каби номланиб, 12 кун давомида номланишидан келиб чиқиб тадбирлар, танлов ва мусобақалар ташкил этилади. Дастурга киритилган барча тадбирлар болажонларни ҳар томонлама баркамол, жисмонан бақувват, маънавий етук, Ватанимизга садоқатли қилиб тарбиялашга қаратилган.
Феруза Қиличеванинг таъкидлашича, оромгоҳларга жалб этиладиган педагог ва тарбиячиларга ушбу дастур ва унинг моҳиятини тушунтириш учун май ойида мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, маданият, спорт, туризм ва маданий мерос, ёшлар ишлари бошқармалари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда семинар-тренинглар, ўқув машғулотлари ташкил этилди. Шунингдек, болаларнинг мароқли ва сифатли дам олишини таъминлаш мақсадида “Лего”, “Караоке”, “Қум”, “Медиа”, “Тил ўрганиш”, “Кубик-рубик” клуб ва тўгараклари дастурлари ишлаб чиқилди. Уларнинг самарали фаолияти учун оромгоҳларга барча керакли жиҳозлар ажратилиб, малакали мутахассислар жалб қилинди.

– Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 24 майдаги “Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тарбирлари тўғрисида”ги қарори асосида болалар соғломлаштириш оромгоҳлари йўлланмаларини шаффоф ва қулай тарзда онлайн сотиш ҳамда бу жараёнда коррупция омилларини бартараф этиш мақсадида “Oromgohlar.uz” электрон платформаси ишлаб чиқилиб, ўтган йил синов тариқасида фойдаланилганди, – дея сўзида давом этади Ф.Қиличева. – Орттирилган тажриба асосида платформа такомиллаштирилди ва жорий йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси тизимидаги барча болалар соғломлаштириш оромгоҳлари йўлланмалари мазкур тизим орқали сотилиши белгиланган. Бу борада касаба уюшмалари бошланғич ташкилотлари ва аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб бордик ва айни пайтда йўлламалар электрон платформа орқали сотилмоқда. Шу пайтгача тизимда 1500 га яқин мурожаат қайд этилган ва 1000 та йўлланма олинган. Айни пайтда бу жараён давом этмоқда. Вилоятдаги департамент тасарруфида бўлмаган бошқа оромгоҳлар учун йўлланмалар эскича тизимда, яъни накд пулда ёки пул кўчириш йўли билан харид қилинмоқда. Болаларнинг соғлом ва сифатли овқатланишини таъминлаш мақсадида барча оромгоҳларда аутсорсинг хизматлари йўлга қўйилган. Бу йил оромгоҳларда ҳар бир бола учун бир кунлик овқатланиш нархи 50 минг 330 сўм этиб белгиланган.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, айни пайтда вилоятдаги оромгоҳларнинг қуввати болаларнинг атиги 4,1 фоизинигина қамраб олишга етади. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб ҳамда янги оромгоҳлар ташкил этиш орқали қамровни йилдан-йилга ошириб бориш ва яқин йилларда 15-20 фоизга етказиш режалаштирилган.
Ургут туманидаги “Чорчинор” оромгоҳида вилоятдаги оромгоҳлар раҳбарлари ҳамда соҳа масъуллари иштирокида мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, ички ишлар ва бошқа идоралари вакиллари жалб қилинган ҳолда ўтказилган семинарда бу борада олиб борилаётган ишлар ва жорий йилги мавсумга тайёргарлик ишлари таҳлил қилинди.
Касаба уюшмалари федерацияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси С.Рафиқов, вилоят ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи З.Саидова ва бошқалар вилоятда бу йилги ёзги соғломлаштириш мавсумида эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар ҳақида сўз юритдилар. Мазкур оромгоҳ мисолида болаларнинг дам олиши ва соғломлаштирилишини ташкил этиш юзасидан тажриба алмашилди.
– Тоғ ён бағрида жойлашган оромгоҳимиз 300 ўринга мўлжалланган бўлиб, беш даврада 1500 нафар болажонни соғломлаштириш режалаштирилган, – дейди “Чорчинор” оромгоҳи раҳбари Анвар Фазлиев. – Саккизта ётоқхона, тиббиёт бўлими, спорт майдончаси, кутубхона, компьютер хонаси, чўмилиш ҳавзаси ва бошқа иншоотларимиз мавжуд. Уларни мавсумга тайёрлаш мақсадида таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини амалга оширдик. Заруратга қараб мебель ва бошқа жиҳозлар, ошхона учун зарур буюмлар харид қилдик. Маданий дастурлар учун очиқ томошагоҳимиз бор. Демоқчиманки, бугун оромгоҳимиз болажонларни қабул қилишга тайёр. Маънавий-маърифий ва маданий-спорт тадбирларини 12 кунлик намунавий дастур асосида ўтказиш учун зарур имконият ва шароитга эгамиз.
Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши масъулларининг маълум қилишича, айни пайтда “Чорчинор” оромгоҳининг йил давомида фаолият кўрсатиши учун тегишли идоралар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Агар бу тизим йўлга қўйилса, йилнинг бошқа фаслларида ҳам ушбу баҳаво, гўзал масканда ўқувчиларни қабул қилиш ва уларнинг мароқли дам олиши учун имконият яратилади. Шунингдек, айни пайтда Каттақўрғон туманида Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти томонидан яна бир янги оромгоҳ ташкил этилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари