Қирғизистон пойтахти Бишкекда бокс бўйича катталар ўртасида якунланган халқаро турнирда мамлакатимиз боксчилари 2 та олтин, 5 та кумуш ва 8 та бронза медалини қўлга киритди. 8 нафар ёш боксчидан иборат Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бугун Бокуда ўтказиладиган "Президент Ҳайдар Алиев–2023" халқаро турнирида иштирок этиш учун жўнаб кетди.
Бишкек рингларида ўтган басҳларда терма жамоамиз аъзолари ўнга яқин давлатларнинг чарм қўлқоп усталари билан жанг олиб борди.

Турнир якунида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси захира таркибидан жой олган боксчиларимиздан Миркомил Саидохунов ва Жавлонбек Йўлдошев олтин, Абдумажид Маннопов, Хўжаназар Нортожиев, Санжарбек Ваҳобов, Самандар Жалолов, Фарёзбек Ҳакимов кумуш, Раҳматилло Тошпўлатов, Аюбхон Бахтиёров, Лазизбек Фаттоев, Сардор Абдумуталиев, Илёсбек Мамадисмоилов, Шоядбек Холдоров, Нурмуҳаммад Аҳмедов ва Нусрат Тоҳиров бронза медалларини қўлга киритди.
Ўсмирлар ўртасидаги "Президент Ҳайдар Алиев – 2023" халқаро турнири 1 апрелга қадар давом этади. Унда Ўзбекистон бокс федерацияси ҳакамлар кенгаши аъзоси Маъруф Урдушев рефери сифатида иш олиб боради.
Т. РЎЗИЕВ, ЎзА