Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармони билан Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси аъзоси, киноактёр Боир Холмирзаев "Дўстлик" ордени билан тақдирланди.
Боир Холмирзаев театрда “На фалакман, на фаришта”, “Алпомишнинг қайтиши”, “Давлат болалари”, “Тақдир”, “Куёвлар конкурси”, Қоплонхон, “Бобур соғинчи”, “Аршин мол олан”, “Қайчи қудалар”, “Хонума” каби спектаклларда 100га яқин роллар ижро этган.
Боир Холмирзаев “Осмоннинг бағри кенг”, “Не бўлди менга”, “Пари қишлоқ қиссаси” “Туяқуш-бояқиш”, “Жўжахўроз” каби 20га яқин спектаклларни саҳналаштирди. Бу спектаклларда режиссёрлик маҳоратини намоён эта олганлиги туфайли ушбу асарлар томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. У Ўзбекистон санъат институти Театр санъати факультетида катта ўқитувчи (доцент) ўлароқ “Мусиқали театр актёрлиги” курсига дарс бериб, юзлаб талаба ёшларга касб сирларини ўргатди. Шунингдек, “Ўзбеккино” Миллий агенлиги томонидан суратга олинган “Қабоҳатга қўйилган тузоқ”, “Шайтанат”, “Пари Момо”, “Қизи борнинг нози бор”, “Чашма”, “Кичкина одамлар”, “Матонат”, “Чол ва набира”, “Муқаддас бурч”, “Чавандоз”, “Сой қўшиғи”, “Болалик синовлари”, “Дилор, Дилор дил ва ор”, “Ер тафти”, “Гумроҳлар”, “Назира” каби 50 га яқин бадиий фильмларида асосий ва бош ролларда суратга тушган. Айниқса “Чавандоз” фильмидаги бош қаҳрамон - Тошмурод полвон образи унинг актёрлик маҳорати имкониятларини яққол очиб бергани ҳолда, қаҳрамоннинг инсонийлик ҳислари, ички кечинмалари, миллий ғурур тушунчалари актёр ижросида яққол кўзга ташланади. Ушбу фильм актёрнинг маҳорати туфайли томошабинлар томонидан илиқ кутиб олиниб, кўплаб нуфузли фестивалларда ҳам мутахассислар эътирофига сазовор бўлди. Шунингдек, актёр 1979-йилдан буён то бугунга қадар давлат ва нодавлат телевидениеларининг дубляж ҳамда овозлаштириш ишларида қатнашиб, минглаб хориж фильм ҳамда сериалларидаги характерли роллари орқали томошабин меҳрини қозониб келмоқда.
Сўнгги йилларда юртимизда тарихий фильмлар яратиш муҳим аҳамият касб этиб бошлагани Боир Холмирзаевнинг ижодида муҳим бурилиш ясади. Кинорежиссёр Музаффар Эркиновнинг “Авлоний” бадиий, Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Исломхўжа” тарихий-публицистик, “Баҳодир Ялангтўш” тарихий-бадиий, айниқса Турк киноижодкорлари билан ҳамкорликда ишланган “Мендирман Жалолиддин” тарихий сериалидаги буюк ислом тариқатчиси Нажмиддин Кубро образлари актёр ижодий варақасининг сара асарларига айланди, десак асло муболаға бўлмайди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/0uvBai92c18" title="Boir Xolmirzaev: "Tarixiy filmlar yaratishga katta e’tibor qaratilmoqda..."" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА