Шу кунларда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев бошчилигидаги делегация аъзолари АҚШда бўлиб ўтаётган БМТнинг Ёшлар форумида иштирок этмоқда.
Ёшлар ишлари агентлиги маълумотига кўра, форумда Ўзбекистонда ёшлар сиёсати соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳақида тақдимотлар ўтказилмоқда.

Форум доирасида делегация аъзолари БМТ Бош котибининг ўринбосари, Денгиз имконияти чекланган давлатлар бўйича Олий вакил Фатима Рабаб билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиш тенденсиялари, Тошкент шаҳрида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамкорлигида ташкил этилган “Денгизга чиқиш имконияти чекланган, ривожланаётган давлатларда озиқ-овқат хавфсизлиги ва Барқарор ривожланиш мақсадлари” халқаро форумининг аҳамияти, шунингдек, келгусидаги юқори даражадаги тадбирлар ва лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.

Хусусан, Туркманистонда ўтказилиши режалаштирилган “Денгизга чиқиш имконияти чекланган ривожланаётган давлатларнинг 3-Конференсияси” доирасида ёшлар форумини ташкил этиш ҳамда жорий йил май ойида ўтказиладиган Рақамли яшил ташаббуслар Глобал ёшлар форумида Фатима Рабабнинг иштироки юзасидан ижобий келишувга эришилди.
Шунингдек, агентлик директори А.Саъдуллаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари ва IVY League (Pechak ligasi) университетларида таҳсил олаётган иқтидорли талабалар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Учрашувда технология, таълим, иқтисодиёт, тиббиёт каби долзарб йўналишларда фикр алмашилди, таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Айниқса, “Эл-юрт умиди” стипендиати, Нью-Йоркда таҳсил олаётган қорақалпоғистонлик Гулҳумор Жахсиликованинг ҳикояси – чекка қишлоқдан бошланган йўли, орзулари ва жасорати бугунги ислоҳотлар самараси сифатида эътироф этилди.

Шунингдек, БМТ Бош қароргоҳи ҳузуридаги Халқаро савдо марказида (ITC) фаолият юритаётган Диёра Шукурова ҳам ёшларимизнинг халқаро майдондаги нуфузини яна бир бор намоён этди.
Нью-Йоркдаги бу самимий учрашув янги режалар ва халқаро лойиҳалар учун мустаҳкам замин бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА