Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги раҳбари У.Ҳусаинов БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Ш.Умаров билан учрашди.
Унда давлат хизматида бошқарув самарадорлиги ва натижадорликни ошириш, давлат хизматчилари салоҳиятини юксалтириш, кенг қамровли дастурлар орқали соҳага инновацияларни жорий қилиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Меморандум доирасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида гендер тенглиги, шу жумладан, аёлларнинг қишлоқ жойларда давлат бошқарув органларида фаолиятини кенгайтириш мақсадида семинар, тренинг, мастер-класс, стажировка дастурлари амалга оширилади.
ФАО тизимида ёш мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш амалиёти жорий этилади ҳамда мунтазам равишда хорижий стажировкаларга юборилади.
Вилоят ва туманларнинг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ҳоким ўринбосарлари учун давлат хизматини такомиллаштириш, қишлоқларни ривожлантириш, қишлоқ ва сув хўжалигини бошқариш бўйича махсус малака ошириш ўқув дастурлари ташкил этилади.
Хорижий ва маҳаллий экспертларни жалб этган ҳолда онлайн ўқув курслари ва модулларини ишлаб чиқиш ва махсус платформада жойлаштириб бориш каби йўналишларда ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилади.
Н.Абдураимова, ЎзА