
Ўзбекистонда авто-мото спортини янги босқичга олиб чиқиш, спорт инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва спортчи ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очиш мақсадида “BMB HOLDING” компанияси таъсисчиси Азиз Маматқулов ҳамда Ўзбекистон Миллий автомобил ва мотоцикл федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, федерация бош котиби Алекс Цой ўртасида ҳомийлик шартномаси имзоланди.
Ушбу битимда миллий автомотоспортни ривожлантириш билан бирга республика ва халқаро миқёсда мусобақалар ташкил этиш, замонавий тенденцияларга мос спорт тадбирларини ўтказиш, йўл ҳаракати маданиятини оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.


“BMB HOLDING” компанияси томонидан амалга оширилаётган ушбу ташаббус мамлакатимизда авто-мото спорт турларини ривожлантириш учун рағбат бўлиб хизмат қилади.
– Ушбу ҳамкорлик, ўсиб келаётган ёш авлоднинг спортга, хусусан, автомобиль ва мотоцикл спортига қизиқишини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, халқаро спорт майдонларида мамлакатимиз нуфузини оширишга хизмат қилишига ишончим комил, – дейди Азиз Маматқулов.

Автомобиль ва мотоцикл федерацияси ва “BMB HOLDING” компанияси ўртасидаги ҳамкорлик йўл ҳаракати хавфсизлигига оид долзарб муаммоларни ҳам ҳал этишга қаратилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири