Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидан ўтувчи М-39 магистрал йўли ёқасида “BMB Holding” таркибидаги “BMB Village” мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят, Шароф Рашидов тумани ҳокимликлари, меҳнат фахрийлари, мутасадди ташкилотлар, “BMB Holding” компанияси ва унинг тасарруфидаги корхоналар раҳбари ва ходимлари, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Шароф Рашидов туман ҳокими Маҳмуд Холбўтаев, Жиззах вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизбек Эгамбердиев, “BMB Holding” компанияси таъсисчиларидан Азиз Маматқулов ва бошқалар сўзга чиқиб, Президентимизнинг 2019 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида магистраль йўлларда хорижий ва маҳаллий туристлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида туризим инфратузилма объектларини бунёд этиш муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
[gallery-23526]
Давлатимиз раҳбарининг ушбу фармонида илгари сурилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, “BMB Holding” томонидан Жиззах вилоятида туризм ва сервис соҳасини ривожлантиришга қаратилган навбатдаги йирик лойиҳа – “BMB Village” мажмуаси ишга туширилди. Замонавий услубда барпо этилган мазкур мажмуа Ҳолдинг томонидан бу йил фойдаланишга топширилган учинчи объект бўлиб, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидан ўтувчи энг серқатнов М-39 магистрал йўли ёқасида жойлашганлиги билан ҳам эътиборлидир. Кўп тармоқли ушбу “BMB Village” мажмуаси 45 кишилик энг замонавий дизайнда қурилган меҳмонхона, миллий, Европа ва жаҳон таомлари тайёрлашга ихтисослашган ресторан, кийим ювиш хизмати, автотураргоҳ ҳамда автомобилларни ювиш шаҳобчасини ўз ичига олади. Қувонарлиси, 40 нафар маҳаллий ёш йигит-қизлар доимий иш ўрни билан таъминланди.
– Мазкур мажмуамиз лойиҳасининг умумий қиймати 15 миллиард сўмни ташкил этиб, бу орқали Жиззах вилоятида ички ва ташқи туризмни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуд инфратузилмасини янада ривожлантиришни назарда тутганмиз, – дейди Азиз Маматқулов. – Компаниямиз ташаббуси билан амалга оширилган мазкур лойиҳа нафақат иқтисодий аҳамиятга эга, балки маданий-маърифий жиҳатдан ҳам аҳолининг эҳтиёжларига жавоб беради деб ўйлайман.
Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, “BMB Village” мажмуаси каби дастлабки лойиҳа Ҳолдинг томонидан ўтган 2024 йилнинг ноябрь ойида Тошкент вилоятининг Чиноз туманида фойдаланишга топширилган эди. Қувонарлиси, компания келгусида ҳам бу каби мажмуаларни республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ишга туширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Мухтасар қилиб айтганда, “BMB Holding” компанияси қайси йўналишда фаолият олиб бормасин, давлатимиз раҳбари раҳнамолигида барпо этилаётган Янги Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши, тараққиёти, халқимиз фаравонлигини ошириш йўлида ўзининг барча имкониятлари ҳамда салоҳиятини ишга солишда давом этаверади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (видео, сурат), ЎзА мухбирлари